Ўзбекистонда AI-92 маркали бензин арзонлашди
Жамият
−
11 Август 23249 2 дақиқа
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилган AI-92 русумли автобензиннинг биржадаги бошланғич нархи 1 литр учун 9 400 сўмга туширилди. Бу ҳақда бугун, 11 август куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарининг аҳолини арзон ва сифатли ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича берган топшириғи ижроси доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида AI-92 маркали автобензин нархини босқичма-босқич пасайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Бу “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ёқилғи бозори барқарорлигини сақлаш, аҳолини юқори сифатли бензин билан таъминлашга қаратилган стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади. Стратегия доирасида ишлаб чиқариш жараёнлари оптималлаштирилиб, таннархни камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган. Бунда бензин ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, нарх пасайтирилган.
Натижада Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқарилган AI-92 русумли автобензиннинг биржа савдоларидаги 1 тоннаси бошланғич нархи биринчи босқичда 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмга туширилган. Бу 1 литр AI-92 русумидаги автобензиннинг биржадаги бошланғич нархи 9 400 сўм дегани.
“Бу нафақат истеъмолчилар учун қулай нарх, балки бутун бозорга ижобий таъсир кўрсатади. Қайд этиш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” ички бозорни ривожлантириш ва истеъмолчилар манфаатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида юқори октанли ёқилғи нархларини босқичма-босқич пасайтириш ишларини давом эттиради”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳукумати жорий йилнинг август ойидан хорижга бензин етказиб беришни тўлиқ тақиқлагани хабар қилинганди.