ЎзЖОКУ ректори “Озодлик” радиосининг ёпилишини ёқлаб чиқди (видео)

Жамият

image

Яқинда АҚШ Президенти Дональд Трамп USAID ташкилоти фаолиятини уч ойга тўхтатиб туришини маълум қилганди. Бундан ташқари, Илон Маск ҳам “Америка овози” ва “Озодлик” радиосининг ёпилишини айтиб ўтди. Бу икки халқаро оммавий ахборот воситасининг ўзбек хизмати ҳам мавжуд.  Ўзбекистонда журналистлар тайёрлашга ихтисослашган ягона университет – Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа  “Америка овози” ва “Озодлик радиоси”нинг ёпилишини қўллаб чиқди. 

“Мана, бизга қўшни бўлган Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ҳам ўз фикрларини билдирганлар. Улар айтадиларки, Америка Қўшма Штатларида пулларни самарасиз ишлатиш тўхтатилсин. Кеча буни интернетда ўқидим. Хусусан, бугунги кунда “Озодлик” ёки “Америка овози”га эҳтиёж йўқ. Чунки бугун интернет мавжуд. Илгари улар пайдо бўлганида интернет йўқ эди. Бугунги кунда дунёда бошқа тартиб бошланганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Саволингизга кейинроқ жавоб бераман. Биринчиси, 1942 йилда “Америка овози” ташкил этилган ва 1950 йилда “Озодлик” радиостанцияси пайдо бўлган. Ўша пайтда, яъни 1942 йилда, нацизмга қарши, ирқчиликка қарши кураш рамзи сифатида яратилганди улар. 50-йилларда “Озодлик” радиостанцияси ташкил қилинганда дунё қутбларга бўлинган эди. СССР парчалангандан кейин бу қутблар ўзгарди. Бугунги кунда баъзи оммавий ахборот воситалари, Садир Жапаров айтганидек,  бошқа мамлакатларга таъсир қилиши, уларга пропаганда қилаётганини кўряпмиз. Чунки бу икки радиостанция ўз вақтида пропаганда сифатида очилган эди. Бугунги кунда эса пропагандага ўрин йўқ. Шунинг учун, менимча, бу тўғри фикр, чунки бугунги ўзгарувчан замонда 1991 йилдан кейин янги реалликда яшаяпмиз”, деди Қудратхўжа. 

Шунингдек, у ўз фикрини бугунги таҳдидлар аввалгидан ҳам хавфлироқ экани билан дастаклашга уринган. Унинг ўйлашича, Ўзбекистон сўнгги етти йилда ҳақиқатдан ҳам очиқ-ойдин жамият қуриш, демократик жамият қуриш йўлида қадам ташлаган. 

“Мен ўзим эслайман, “Халқаро пресс клуб” ўз фаолиятини музёрар сифатида, танқидий дастурлар тайёрлаш ва жуда кўп танқидий чиқишлар қилиш билан бошлаган. 

Бугунги кунда Ўзбекистонда жуда кўп медиалар бор, жуда кўп журналистлар бор, ва жуда кўп оммавий ахборот воситалари бор. Уларнинг фаолияти “Озодлик” , “Америка овози” ёки бошқалардан кам эмас. Шундай экан, мен нега Америка Президентининг гапига қарши чиқишим керак? Нега Илон Маскнинг фикри менга ёқмаслиги керак? Ёқади, албатта. Бу бизда амалдаги ҳокимиятга нисбатан сунъий равишда жуда катта негатив муҳит ҳосил қилмоқда. Қанақадир суриштирувлар олиб бориб, асоссиз фактлар ва фейкларга асосланган далилларни қўлга дастак қилиб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган жиҳатлар мавжуд. Бу эса мамлакат ичидаги ўзаро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва бунёдкорликка зарар етказиш учун уринишларга сабаб бўлмоқда. Ўйлайманки, бугунги кунда медиа бундай ҳолатларга ўз муносабатини билдириши керак”, деган ректор. 

Аммо у “Америка овози” ва “Озодлик радиоси”нинг ўзи айтолмайдиган гапларни айтишини тан олган. Шундай бўлса-да, Журналистика университети ректори уларни одамларни провокация қилишда айблаган.

“Мен ҳатто ўйлайманки, биз баъзида анчадан бери айтолмай юрган гапларни улар айтди. Биз бугун ҳақиқатни уларнинг нуқтаи назарига асосланиб қабул қиляпмиз. Лекин мен ўзим “Озодлик”га берган интервьюларимдан ҳам сезаманки, нимагадир улар Ўзбекистон ёки бошқа давлатларни фақат бир ёқлама танқид, фақат қандайдир провокациялар билан муносабатда бўлишади. 

Нимагадир қайсидир қатламга ёқиш учунми ёки одамлар ичида низо келтириб чиқариш учунми, одамлар ичида норозилик кайфиятини уйғотиш учунми, турли мавзуларни тарғиб қилишади ва сизга бериладиган саволларда доим негатив жавобларни кўтаришади. Мен журналистик профессор сифатида, олим сифатида буни яхши тушунаман. Чунки мен бекорга буни пропаганда демадим. Бу оммавий ахборот воситаси эмас, бир пайтлар балки булар керак бўлган. Лекин бугун СССР йўқ, бугун биз бошқа даврда яшаяпмиз”, деган у. 

Қудратхўжанинг фикрича, бугун Ўзбекистонда бошқа хорижий медиаларга эҳтиёж йўқ, чунки Ўзбекистондаги медиалар аллақачон ривожланиб кетган.

“Биз демократияга албатта интиламиз. Конституцияда ёзилган демократик, ижтимоий, ҳуқуқий, суверен давлат қуришдан – биз ўзимиз манфаатдормиз ва бу борада Ўзбекистон ўзини кучайтиради. 

Лекин баъзи нарсаларга, хусусан ўша ЛГБТ ғояларига, хусусан ўта сўл бўлган, ёки қандайдир провокацион характерга эга бўлган нарсаларни давлатлар ичида, бошқа давлатлар назарида ўзига мос келмайдиган характерда кўриб чиқиш мамлакатлар ички ҳаётига аралашув деб ўйлайман ва бу нотўғри. 

Чунки биз бугун перовизм давридаги колониал давлат эмасмиз. Ўзбекистон жуда катта тарихга эга давлатдир. Ўзбекистон ўзининг демократия мактабини қурмоқда, Ўзбекистонда сўнгги уч тўрт йилда жуда катта ўзгаришлар бўлди ва Ўзбекистон бу йўлни фойдали деб ҳисоблайди. Биз бу демократияни Америка ёки Европа учун қураётганимиз йўқ. 

Шунинг учун менга шахсан икки одам ­– яъни жаноб Дональд Трамп ва Илон Маскнинг бу борадаги фикрлари, ва бизнинг минтақамизда қўшни давлатимиз Президенти Садир Жапаровни қўллаб-қувватлагани жуда ҳам ёқди. Мен ўйлайманки, бизнинг журналистларимиз ҳам ўзлари учун керакли хулосаларни чиқаришлари керак”, деган у. 

Ўз фикрларига қўшимча қилар экан, Дональд Трамп ва Илон Маскнинг эътирози сабаб USAID ташкилотининг ёпилишини ҳам қўллаб-қувватлаган.

“Америка Президенти Дональд Трампнинг ушбу янги ҳокимияти келиши бир неча кескин баёнотлар билан боғлиқ бўлди. Хусусан, USAID ташкилоти қилаётган харажатлардан норозилик билдирди ва машҳур тадбиркор, миллиардер Илон Маскни иқтисодий самарадорлик бошқармаси бошлиғи қилиб тайинлади.  Биласиз, миллиардерлар пул ҳисобини яхши билишади. Жаноб Трамп ҳам, жаноб Маск ҳам жуда бой инсонлар, миллиардерлар, ва улар Америка солиқ тўловчиларининг пулини тежашни биринчи вазифа деб билишади”, деди Шерзодхон Қудратхўжа. 

Қолаверса, у USAID ташкилоти грант учун унга пул ажратмаганидан ўпкалашни ҳам унутмаган.

“Шунга ўхшаш ташкилотларнинг фаолиятида шаффофлик, софлик ва ҳалоллик жуда муҳим мезон бўлади. Масалан, улар Ўзбекистонга ва минтақамизнинг кўплаб давлатларига пул ажратган. Лекин баъзи соҳаларга берилган пулларнинг ҳисоботлари йўқ, шаффофлиги йўқ. Мен ўзим журналист ректорман ва олти йилдан бери биз грант беришларини сўраяпмиз, журналистлар малака ошириши учун. Кўп элчилар билан учрашдим, аммо ижобий жавоб бўлмаган.

Бошқа журналистларга ва ижтимоий фаолларга эса пул берилади. Савол туғиладики, улар учун бу пуллар нима мақсадда берилади? Ва нима учун ҳисоботлар очилмайди? Ҳозир сўзим бошида айтдимки, биз бошқа давлатнинг ички ишларига аралашмаймиз. Шу сабабли Ўзбекистонда демократия қуриш масаласи муҳокама қилинади.

Аслида, бу Ўзбекистоннинг ўзидаги хавфсизлик масаласи ва Ўзбекистоннинг, албатта, демократия сари интилишини юксак даражада акс эттиради. Ўзбекистонда бир жиҳатдан агар олиб қараладиган бўлса, Ўзбекистон суверенитети ва яхлитлиги ҳамда Ўзбекистоннинг хавфсизлик масалалари бор. 

Мен жуда хоҳлаган бўлардимки, агар АҚШ ёки бошқа шунақа ташкилотларнинг бизга ажратилган грантлари бўлса, марҳамат, биз ишлашга тайёрмиз. Биз ҳатто ўша тайёрланган ҳисоботларнинг шаффофлигини ҳам таъминлаймиз”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам “Озодлик” ёпилишини қўллаб-қувватлаган эди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Озодлик USAID Шерзодхон Қудратхўжа Америка овози

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг