Садир Жапаров “Озодлик” ёпилишини қўллаб-қувватлади
Олам
−
11 Февраль
7644Қирғизистон Президенти Садир Жапаров АҚШ Президенти Дональд Трамп ва DOGE (Америка ҳукумати самарадорлигини ошириш департаменти) раҳбари Илон Маскнинг USAID ҳамда “Америка Овози” ва “Озодлик радиоси” каби медиа лойиҳаларини ёпиш масаласидаги қарашларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда у “Кабар”га берган интервьюсида маълум қилди.
Президентга ўтган йил декабрь ойида бўлиб ўтган халқ қурултойида АҚШнинг турли жамғармалари томонидан “Азаттик” (“Озодлик радиоси”) ва бошқа оммавий ахборот воситаларини молиялаштириш учун ажратилаётган маблағлар ҳақида гапиргани эслатилган.
“Агар пулларни қандай сарфлашни билмасангиз, уларни тўғридан тўғри бизга – давлатга беринг. Биз демократия ва инсон ҳуқуқларини энг юқори даражада таъминлаймиз”, деган эди ўшанда Садир Жапаров АҚШ Давлат департаменти раҳбариятига мурожаат қилиб.
Журналист Трамп ва Маскнинг ҳозирда Жапаровнинг икки ой олдин билдирган позициясини такрорлаётганини таъкидлаган. Садир Жапаров эса буни тасодиф деб атаган.
“Дональд Трамп ва Илон Маск менинг ташаббусларимга муҳтож эмас. Улар миллиардерлар. Пул осмондан тушмаслигини жуда яхши тушунишади. Улар америкаликларнинг пулларини беҳуда сарфлашни тўхтатмоқчи ва улар тўғри йўлда. Ҳозир XXI аср. Ҳар қандай ахборот бутун дунёга беш дақиқада тарқалади. 20-30 йил олдин “Азаттик”ни ҳамма интиқлик билан кутар, эшитар, унга ишонар эди. Чунки ўшанда интернет, смартфонлар йўқ эди. Ҳозир эса одамлар “Азаттик” янгиликларига эҳтиёж сезмайди. Ҳаммасини интернет орқали олишади”, деди Президент.
Садир Жапаров халқ ахборотни таҳлил қилишни ўрганганини, ҳар қандай хабарга ишонмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, одамлар қайси янгилик ҳақиқатга мос, қайси бири эса ёлғон эканини ўзлари тушуниб етмоқда.
“Масалан, “Азаттик” кимнингдир обрўсига путур етказувчи нотўғри маълумот тарқатганида, халқ уни таҳлил қилишни бошлайди. Ва бу ёлғон экани аниқланганда, одамлар сўрашади: Нега сиз дезинформация тарқатяпсиз? Улар эса кейин ўз сайтидан бу янгиликни ўчириб ташлаб, кечирасиз дейди. Агар уларга қарши судга мурожаат қилинса, улар бутун дунёга дод солиб, бизда сўз эркинлиги ўлди, деб бақиришади. Бу нормал ҳолатми? Ёлғон ахборотни тарқатиш ёки янгиликларни манипуляция қилиш – бу сўз эркинлигими? Чексиз эркинликни сўз эркинлиги ёки инсон ҳуқуқлари билан адаштирмаслик керак”, деди Садир Жапаров.
Шу сабабли у Трамп ва Маскнинг қарорларини қўллаб-қувватлашга арзийдиган қадам деб ҳисоблашини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбари ва Президент Дональд Трампнинг энг яқин маслаҳатчиларидан бири Илон Маск АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган “Америка овози” ва “Озод Европа/Озодлик радиоси” фаолиятини тугатишга чақирган эди.
LiveБарчаси