Ўзбекистонга ҳурматсизликни самолёт трапидан бошлаган Сергей Лавровнинг ташрифи қандай ўтди?
Таҳлил
−
24 Апрель
1601021 йил. Россиядек катта давлатнинг ташқи сиёсатини 21 йилдан бери бошқариб келаётган тажрибали дипломат Сергей Лавров Ўзбекистонга келиб кетди. Одатда тажриба ўз сўзини айтади, дейишади. Лавровнинг Ўзбекистонга ташрифида ҳам унинг кўп йиллик тажрибаси иш бердими, у Самарқандга келишдан кўзлаган мақсадига силлиқлик билан, келинг, ўзи умуман мақсадига етдими, буниси ҳозирча қоронғи.
Аммо унинг Ўзбекистон ерида 2 кун давомида қилган ҳаракатлари ва айтган гаплари ўзбек жамоатчилигининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Келинг, бугун шуларни кўриб чиқамиз.
Сергей Лавров 22 апрель куни кечқурун Ўзбекистонга келди. Уни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов қучоқ очиб кутиб кутиб олди.
Бироқ 75 ёшли Лавров парвоздан чарчаган чоғи, ўзбекистонлик мавқедоши билан қучоқлашиб кўришишни истамади. У Бахтиёр Саидовнинг елкасига қўлини қўйиб қўяқолди. Бу ҳолат эса ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида муҳокамаларга сабаб бўлди ва Россия Ташқи ишлар вазирининг ҳурматсизлиги сифатида баҳоланди. Хусусан, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа Лавровнинг бу ҳаракатига эътибор қаратар экан, Россиянинг ТИВ раҳбари бу дипломатик протокол қоидаларига зид эканини яхши билиши кераклигини, қариб қолиб буни тушунмаса, истеъфога чиққани дурустлигини айтди.
“Ўйлаб кўрсак, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири келиб, ўзига тенг Ташқи ишлар вазирининг қучоғини қабул қилмасдан, ўнлаб камералар кўз ўнгида унинг елкасига бемалол панжасини қўйиб жавоб қайтариши — бу дипломатик протокол қоидаларига зид эканини яхши билиши керак. Биз энди доминантликни (яъни устуворликни) шу йўл ила намоён қилмоқчи эканини қабул қилмаймиз ва буни новербал услуб орқали намойиш этмоқчи бўлганлигини англаймиз. Биз нозик Шарқ одамларимиз, жаноб Лавров қариб қолиб буни тушунмаса истеъфога чиқсин!”, дейди Қўдратхўжа.
Шунингдек, у ўз пайтларида СССР ТИВ раҳбари Андрей Андреевич Громико бундай “чойхонача оғайнигарчилик”ни ЎзССР ТИВ раҳбари Рафиқ Нишоновга нисбатан эп кўрмаганини ёзган.
“Ўша марҳум Рафиқ Нишоновнинг шогирди бўлмиш Лавров нега энди ким бўлишидан қатъи назар, биз тенг ичида тенг давлатнинг расмийсига нисбатан бундай ҳурматсизликни намоён этмоқда? Сен кимсан ўзи? Сен кимсанки, Амир Темур ва ундан ҳам олдин ўнлаб буюклар асос солган 3,5 минг йиллик тарих ва давлатчиликка эга давлатда ўзингни шундай бетарбия тутасан? Ахир мустақил Ўзбекистоннинг 40 миллион аҳолиси бор, биз ўзгалардан кам эмасмиз! Биз мустақил давлатмиз! Олға Ўзбекистон!
Ўзга ҳудудга ўз қоидалари (В чужой монастырь со своим уставом не лезут) билан кирманг, дейман жўралар…!!!”, дейди Шерзодхон Қудратхўжа.
Бу Лавровнинг Ўзбекистон тупроғига қўйган илк қадамидаги ҳаракати эди. Ташриф эса энди бошланаётганди.
Эртаси куни Россия бош дипломати Самарқанд шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйишга борди. Гул қўйилгач, Лавровнинг кўзи атрофдаги ёзувларга тушди. Буни қарангки, Ўзбекистон ҳудудидаги ёдгорлик ёнида давлат тилида “Сен доим қалбимиздасан, жигарим” деб ва унинг инглиз тилидаги таржимаси “You are always in our heart, my dear”, деб ёзилган. Лавровни эса бу ерда рус тилида бирор жумла ёзилмагани ўйлантирибди.
“Кўряпман, у ерда инглизча ёзув бор. Аммо мен русчани кўрмаяпман. Она - энг муқаддас”, деганмиш Лавров гидга қараб.
Лавровнинг бу қилиғи ҳам ўзбек жамоатчилигига ёқмади. Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров ҳурмат сўраб олинмаслигини эслатди.
“Рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўришмоқда. Нега Ўзбекистонда ёшлар ҳеч ким эслатиб турмаса ҳам инглиз, немис, турк ва араб тилларини ўрганишга ҳаракат қилади. Сўраб олинган ҳурмат ва ёлғон яратилган эҳтиёждан фақат тескари натижа бўлишини вазир Лавров билмаслиги мумкин эмас”, деди депутат.
Яна бир депутат Одилжон Тожиев эса Лавровнинг бу гапига “Қизил майдонга ўзбекча ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин”, дея жавоб қайтарди.
“Ўзбек халқи тилни мажбурият эмас, имконият деб танлайди. Хориж тилини сунъий тарғиб қилиш муҳаббат эмас, қарши муносабат уйғотади. Қолаверса, ҳурмат талаб қилинмайди — у сингади.
P.S. Москва Бош майдонига ўзбекча ҳам ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин”.
Шерзодхон Қудратхўжа эса ҳар бир мамлакат ўзининг ҳудудидаги тарихий обида ёки ҳайкали атрофида қайси тилда ёзишини фақат ўзи ҳал қилишини, Ўзбекистон Россиянинг колонияси эмаслигини эслатди.
“Четдан келиб, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири бизни танқид қилиши нотўғри. Зеро, биз уларнинг колонияси эмасмиз! Бизнинг вазирлар ҳам Россияга борганда баъзи масалалар бўйича Лавров каби дадил савол беришни ўрганишлари керак, шекилли.
Хусусан, нега бизнинг Россиядаги мигрантлар дискриминация қилинади? Нимага уларга нисбатан маҳаллий ҳокимият, миграцион хизматлар ёки полиция томонидан оддий инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи ҳолатлар қўлланилса, Россия жамоатчилиги ва давлат расмийлари жим туради?
Сергей Лавров келиб бизга “она тимсоли — муқаддас” эканини тушунтирмоқчи экан, оддий бир ёзувни бор йўқлигига диққат қаратаркан, биз ҳам унга “инсон ҳуқуқлари ҳам муқаддас” эканини диққат эътиборига солишимиз ва эслатишимиз керак”, дейди у.
Лавровнинг ташрифига қайтадиган бўлсак, у Бахтиёр Саидов билан музокара ўтказди, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлди. Суҳбатда Ўзбекистон-Россия дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Музокаралардан сўнг, Лавров Ўзбекистонга ташрифининг якунлари бўйича матбуот анжумани ҳам ўтказди. 35 дақиқа давом этган матбуот анжумани давомида дипломат қатор масалаларга тўхталди ва журналистларнинг саволларига жавоб берди. Хусусан, у Ўзбекистон раҳбариятига Россиянинг Украинадаги урушни ҳал қилиш учун АҚШ билан олиб бораётган музокаралари ҳақида ахборот берганини айтди.
“Биз ўзбекистонлик дўстларимизга "Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича" сўнгги ўзгаришлар ҳақида, жумладан, АҚШ билан алоқаларимиз контекстида ҳамда Қўшма Штатлар украиналиклар ва европаликлар билан ҳамкорликда сўнгги кунларда илгари сураётган ғоялар контекстида батафсил маълумот бериб боряпмиз”, деди Лавров.
Шунингдек, Лавров АҚШнинг тарифлар бўйича тажрибалари Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ривожланишига хавф туғдирмаслигини айтди.
“Ўйлайманки, бу ҳолат Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо муносабатларига таъсир қилиши мумкин. Россиянинг бунга нима алоқаси бор? Россия Ўзбекистон билан икки томонлама келишувлар асосида савдо қилади, Ўзбекистонга АҚШдан товарлар биз орқали келмайди, Ўзбекистон товарлари ҳам биз орқали АҚШга кетмайди. Бу ерда Россия-Ўзбекистон савдоси ривожланиши учун ҳеч қандай хавф-хатар кўрмаяпман”, деди вазир.
Бундан ташқари, Лавровдан мигрантлар ҳақида ҳам сўрашди. Россия Ташқи ишлар вазири Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан Россияга бораётган меҳнат мигрантлари рус тили ва Россия қонунларини билиши кераклигини эслатди.
“Вазиятни глобал миқёсда олиб борадиган бўлсак, албатта, меҳнат муҳожирлари сонининг қисқаришига олиб келадиган чоралар бизнинг манфаатларимизга тўғри келмайди, чунки ишчи кучи танқислиги тегишли режаларни камроқ реаллаштириши мумкин. Аммо муаммонинг иккинчи қисми – Россия қонунларига риоя қилиш ва меҳнат муҳожирлари орасида жиноий тенденцияларнинг ривожланишининг олдини олиш”, деди у.
Энг ғалати гапга эса энди етиб келдик. Хабарингиз бор, 3-4 апрель кунлари, айнан, Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммити бўлиб ўтган эди. Ушбу тадбирда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳамда Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта ва Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен иштирок этди. Саммит якунида икки минтақа орасидаги муносабатлар стратегик даражага чиқди.
Лавровга эса Евроиттифоқнинг Марказий Осиёдаги айрим лойиҳаларга пул тикаётгани ёқмабди. Матбуот анжуманида у Россия давлатларнинг ички ишларига аралашишга қарши эканини айтиб туриб, ўз гапини ўзи инкор этгандек, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги нозик соҳаларни молиялаштираётганидан нолиди.
“Биз иттифоқчиларимиз ва стратегик ҳамкорларимизнинг кўп векторли сиёсат олиб боришига қарши эмасмиз. Аммо Марказий Осиёнинг айрим ҳамкорлари ўзаро манфаатли лойиҳаларни таклиф қилишдан кўра, минтақа давлатларининг давлат тузилмаларига, жумладан, чегара ҳудудлари, статистика, божхона каби нозик соҳаларга кириб боришга қаратилган дастурларга маблағ ажратиш орқали ўз манфаатларини кўзлашга ҳаракат қилсалар, буни маъқуллаб бўлмайди, албатта. Марказий Осиё давлатлари эса буни кўриб турибди”, дея иддао қилди Лавров.
Шерзодхон Қудратхўжа Лавровнинг бу гапига ҳам жавоб қайтариб, ким билан қандай алоқалар ўрнатишни ёки қай даражада ҳамкорлик қилишни давлатнинг ўзи ҳал қилишини айтди.
“Лавров Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг ҳамкорлиги тўғрисида ҳам гапирибди. Ким билан қандай алоқалар ўрнатишни ёки қай даражада ҳамкорлик қилишни давлатнинг ўзи ҳал қилади! Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳам ўзаро алоқалар даражасини Ўзбекистоннинг ўзи белгилайди. Бу давлатимизнинг ташқи сиёсати кўп векторлик эканлигини кўрсатади”, деди у.
Шу ўринда айтиш жоизки, юқорида эшитганингиз бари жамоатчиликка очиқ бўлган нарсалар. Лавровнинг бу гаплари қаерда айтилгани маълум, жамоатчилик вакилларининг муносабатлари эса уларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзилди.
Умид қиламизки, Лавров билан учрашган Ўзбекистон расмийлари ҳам унга давлатнинг ўринли муносабат ва позициясини етказган.
LiveБарчаси