Ўзбекистон Жаҳон банкидан яна 800 млн доллар қарз кўтаради
Ўзбекистон
−
697 3 дақиқа
Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 млн долларлик молиялаштириш пакетини маъқуллади. Ушбу маблағлар янги иш ўринларини яратиш, хусусий секторни ривожлантириш ва иқтисодиётнинг экологик барқарорлигини оширишга йўналтирилади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2029–2031 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар натижасида 275 мингта қўшимча ва сифатли иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Ислоҳотлар мамлакатнинг барча ҳудудларида хотин-қизлар, фермерлар ва тадбиркорлар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Жаҳон банки кўмагида ижтимоий суғурта қамрови, жумладан, ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар кенгайтирилади. Шунингдек, хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ва оилаларга хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади.
Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва адолатли рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилади. Бу хусусий бизнесни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, инновацияларни жорий этиш ва янги иш ўринларини яратиш имкониятларини кенгайтиради.
Шу билан бирга, маълумотларни хавфсиз трансчегаравий узатиш қоидалари такомиллаштирилади. Бу корхоналарга рақамли технологиялар, булутли хизматлар ва халқаро рақамли платформалардан фаолроқ фойдаланиш имконини беради. 2028 йилгача дастур доирасида яна 500 минг нафар фойдаланувчи, жумладан, 250 минг нафар хотин-қиз кенг полосали интернет билан таъминланиши кўзда тутилган.
Энергетика соҳасида электр энергияси ва табиий газ бозорларини тартибга солувчи қоидалар ҳамда институтлар такомиллаштирилади. Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш соҳаларида хусусий инвестициялар учун имкониятлар кенгайтирилади. 2028 йилгача электр энергияси истеъмолчиларининг 15 фоизига хусусий операторлар бошқарувидаги тақсимлаш тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш режалаштирилган.
Фермер ва чорвадорларни қурғоқчилик, сув тошқинлари, кескин об-ҳаво ҳодисалари ҳамда қишлоқ хўжалигидаги бошқа хатарлардан ҳимоя қилиш мақсадида суғурта хизматлари кенгайтирилади. 2028 йилга бориб фермер ва чорвадорларнинг 35 фоизини суғурта билан қамраб олиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, савдо тартиб-таомиллари модернизация қилиниб, рақамлаштирилади, ташқи савдо учун “ягона дарча” тизими мустаҳкамланади ва чегарадаги расмийлаштириш жараёнлари соддалаштирилади. Бу корхоналарга халқаро савдони камроқ харажат билан амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига хизмат қилади.
Шунингдек, биноларнинг энергия самарадорлиги стандартлари такомиллаштирилади. Корхоналарга атроф-муҳит ифлосланиши ва энергия сарфини камайтирувчи технологияларга сармоя киритиш учун рағбатлар берилади. 2028 йилгача энергия самарадорлигини оширишга 10 млн доллар хусусий инвестиция жалб қилиш ва тақсимланган қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 3 000 МВтга етказиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини ривожлантириш учун 100 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллаганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси