Ўзбекистон Украинадаги фуқароларини Польша орқали эвакуация қилади

Жамият

image

Ўзбекистон Украинадаги фуқароларини Польша орқали эвакуация қилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Матбуот хизмати маълум қилди.

“Чегарани кесиб ўтиш фақат Ўзбекистоннинг Украина ва Польшадаги элчихоналари вакиллари ҳамроҳлигида, автобусларда марказлашган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Бошқа барча ҳолатларда сиз чегарада муаммога дуч келасиз.

Айни вақтда эвакуация қилинганлар рўйхатини тузишда аёллар, болалар, талабалар ва қарияларнинг биринчи ўринда туришига эътибор қаратмоқчимиз.

Сизни ишонтириб айтмоқчимизки, биз фуқароларимизни хавфсиз эвакуация қилиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз”, дейилади хабарда.

Элчихона билан боғланиш учун Маъруф Солиевга мурожаат қилиш сўралган. Телефон: (+380 96 102 10 95).

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Россиянинг қуролли ҳужумлари остида қолаётган Украинада минглаб ўзбекистонлик мигрантлар, талабалар ва даволанишга борган фуқаролар бор. Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси рўйхатга олган ўзбекистонликларнинг расмий сони 4300 нафарни ташкил этмоқда. 

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

113

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг