Ўзбекистон Қозоғистондаги талабаларнинг бир гуруҳини эвакуация қилди. Ота-оналар миннатдор
Жамият
−
07 Январь 2022
15508Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотига кўра, Нарикбаев номидаги Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган 35 нафар ўзбекистонлик талабалар “Uzbekistan Airways” ОАЖ самолёти орқали Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Қозоғистондаги Ўзбекистон элчихонасига таяниб “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
“Ўтаётган ҳафта давомида ўзбекистонликлар қўшни Қозоғистондаги воқеаларни катта ҳаяжон билан кузатмоқда. Ва кўпчилик ушбу мамлакатда бўлиб турган ўз яқинлари ҳаёти учун қайғургани ҳақиқат. Булар орасида Нарикбаев номидаги Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган талабаларнинг ота-оналари ҳам бор.
Ушбу талабаларнинг ота-оналари фарзандларининг тақдири ҳақида қайғуриб, ўзларини қўйишга жой топа олмади. Аммо давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий сиёсати ва республика фуқароларига бўлган юксак эътибори туфайли бир неча соатдан кейин бизнинг фарзандларимиз Тошкентга етиб келади.
Барча талабаларнинг ота-оналари номидан фарзандларимизни Ватанга қайтариш бўйича амалга оширилган ушбу саъй-ҳаракатлар учун Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига миннатдорлик билдирамиз. Айни пайтда ушбу университетнинг барча талабалари самолётда учиб келмоқда.
Жонажон юртимиз ва қўшни давлатларда тинчлик бардавом бўлсин”, деб ёзган Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ота-оналари қўмитаси раиси Тўра Тўраев ўзининг Telegram каналида.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатия ваколатхоналари одатдаги тартибда фаолият юритмоқда. Зарур ҳолларда Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
Зарурат туғилганда ўзбекистонликлар исталган вақти Ўзбекистоннинг Нур-Султон (телефон: +7 771 020 36 73), Олма-ота (телефон: +7 777 950 44 33) ва Ақтау (телефон: +7 777 599 00 51) шаҳарларидаги дипломатия ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.
LiveБарчаси