Ўзбекистон Googoosha'нинг қайтарилган активларини истаганча ишлатолмайди
Жамият
−
15 Февраль 2022
14648Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова томонидан жиноий йўллар билан эгалланган мол-мулкларини мамлакатга қайтариш учун БМТнинг кўптомолама траст жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йил 11 февралда Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтган. Унда томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўптомонлама траст жамғармасини (Жамғарма) ташкил этиш бўйича келишувга эришган.
Мазкур Жамғармадан Гулнора Каримовага нисбатан жиноий иш юритуви доирасида тўлиқ мусодара қилинган активларни қайтариш учун фойдаланилади. Шунингдек, Жамғарма Швейцарияда давом этаётган жиноий иш доирасида келажакда мусодара қилинадиган ҳар қандай қўшимча активларни қайтариш учун хам хизмат қилади.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда тахминан 131 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр.
Жамғарма бошқарув механизми Швейцария, Ўзбекистон ва БМТ вакилларидан ташкил топади. Шу орқали Швейцария ва Ўзбекистон активларни қайтариш жараёнига тўлиқ жалб этилади. Жамғарма Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашади ва БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистондаги дастури (UNSDCF)га мос лойиҳалар учун молиявий ресурслар ажратади.
Ушбу лойиҳалар Жамғарма фаолиятида иштирок этувчи БМТ тизимидаги ташкилотлар томонидан бошқа ижрочи шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Барча лойиҳалар БМТнинг қоида ва низомлари асосида тузилган Жамғарманинг мониторинг ва баҳолаш тизимига мувофиқ назорат қилиб борилади. Фуқаролик жамияти институтлари Жамғарма фаолиятида маслаҳатчилар сифатида иштирок этади.
Жамғарма ўз фаолиятини Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида томонларга юридик мажбурият юкловчи Реституция тўғрисидаги келишув имзоланганидан сўнг бошлайди. Ушбу келишув имзоланганидан кейин Жамғарма ва унинг фаолияти ҳақида қўшимча батафсил ахборот берилади.
Қайтарилган маблағлар мамлакатимиз аҳолиси фаровонлигини яхшилаш учун ижтимоий соҳага сарфланади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда ҳам Каримова хорижга олиб кетган маблағларнинг 10 млн доллари Ўзбекистонга қайтарилганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь