Каримов ва Назарбоев тўқнашуви. Каримовлар оиласидаги инсидентлар. Собиқ АҚШ элчиси нималарни ошкор қилди?
Таҳлил
−
26 Июнь
30204Жорж Крол АҚШ Ташқи ишлар хизматининг нафақадаги мулозими бўлиб, ўзининг 36 йиллик фаолиятининг катта қисмини Совет Иттифоқидан ажралиб чиққан мамлакатларда, жумладан Беларусь, Ўзбекистон ва Қозоғистонда АҚШ элчиси ҳамда Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари лавозимларида ўтказган. У 2011-2014 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги, 2015-2018 йилларда эса Қозоғистондаги элчиси лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон ва Қозоғистондаги собиқ АҚШ элчиси Жорж Крол Марказий Осиёнинг ушбу икки давлатида олиб борган дипломатик миссияси давомида Каримов ва Назарбоев ўртасида минтақада авж олган яширин кескинлик, ташқи дунё Ўзбекистонни Қозоғистон билан алмаштиргани ва Каримов оиласи ичидаги муаммолар ва сирлар ҳақида ўз мемуарида айрим ҳақиқатларни ошкор қилди. Бугун сиз билан собиқ элчининг шахсан ўзи гувоҳ бўлган воқеаларга асосланган мемуари ҳақида гаплашамиз.
Каримов ва Назарбоев нимани бўлиша олмаган?
Совет Иттифоқи парчалангач икки мамлакат Ғарбга яқинлашиш ва у билан ҳамкорликни кучайтириш йўлидан борди. Бу борада Каримов ўзининг қозоқ мавқедошидан анча илгарилаб кетган. Ғарбий дунё етакчиси ва дунё тартиби ишлаб чиқарувчиси бўлган АҚШ билан яхши муносабатлар ўрнатиш Каримов сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлган. Бу жараён 2004 йилгача давом этган. Аммо Андижон воқеаларига нисбатан Қўшма Штатларнинг кескин эътирозлари Каримовнинг ҳафсаласини пир қилган ва бу воқеа океан ортидаги ҳамкорлари билан унинг ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашишида дебоча вазифасини ўтаган. АҚШ ва Ўзбекистон, хусусан, Каримовнинг 2000 йиллар бошигача ўта илиқ муносабатда бўлганини, унинг терроризмга қарши хизматлари учун 2002 йилда Америка томонидан “халқаро етакчи” унвони билан тақдирланганини яққол намоён қилади. Бироқ Андижондаги воқеалар фонида нафақат АҚШ, балки бутун Ғарб жамияти Каримовни изоляция қилиши Назарбоевнинг “отни қамчилаши” учун айни муддао бўлади.
АҚШнинг дастлаб Ўзбекистонда кейинчалик Қозоғистондаги элчиси лавозимида ишлаган Жорж Крол Марказий Осиёнинг икки яловбардори Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарлари ўртасидаги кескинлик ҳақида ўз хотираларида баён қилади. У бу борадаги келишмовчиликларни айрим учрашувлар ва уларда янграган “қочиримлар” орқали тасвирлашга ҳаракат қилади. Шулардан бири, АҚШ Давлат котиби билан Каримов ўртасидаги учрашув суҳбатидан қуйидагиларни маълум қилади.
“Давлат котиби Клинтон билан эсда қоларли бир учрашувда у Каримовдан Марказий Осиё минтақаси етакчиси бўлиш учун ўз таъсиридан фойдаланишни ўйлаб кўришни сўраганини эслайман. Каримов одатига кўра биллур стаканда бир даста қалам ўйнатиб, табассум қилди ва Давлат котибига шундай таклиф билан хушомад қилгани учун миннатдорлик билдирди ва котибга қараб, сўнг менга ёнбошлаб, чинакам Каримовча услубда ўз маслаҳатини берди: “Агар кимдир Марказий Осиёга раҳбар бўлишини истасангиз, буни дўстингиз Назарбоевдан сўранг. У ўзгалар уни лидер деб аташини жуда ЯХШИ КЎРАДИ”, дея Каримовнинг сўзларидан иқтибос келтиради собиқ элчи.
Элчининг сўзларига кўра, Каримов Назарбоевдан доим нафратланиб келган. Ўртадаги душманликнинг асосий сабаби эса “яширин рақобат” бўлган. Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси қозоғистонлик мавқедошининг мамлакатдаги табиий бойликларни дунё эътиборини тортиш ва юзаки жозиба яратиш йўлида кўкка совураётганини доимий танқид остига олиб келган. Шунингдек, Жорж Крол Каримов Назарбоевдан ақллироқ ва ундан анча зукко эканлигини ич-ичидан ҳис қилганини ёзади. Аммо шундай бўлишига қарамай, дунё уни Назарбоев билан “алмаштиргани” Каримов учун ҳазм қилиб бўлмас воқелик эди.
Собиқ элчининг ёзишича, ўз ўрнида Назарбоев ҳам Каримовни жиддий тарзда танқид қилган. “Хусусан, у ўзининг наздида Ислом Каримовдан кўп масалаларда бир поғона устунлигини даъво қиларди. Назарбоев ўзининг Горбачёв каби совет сиёсий арбобларига яқин эканини даъво қилган, аммо унинг наздида Каримов ундай эмасди. У чет эл раҳбарлари билан қандай муомала қилишни биларди, Каримов эса йўқ. У ўзини одамлар орасида ўзини қулай ҳис қилади, халқ билан қўл бериб кўришади ва ҳазиллашар эди, Каримов эса акси”, деб ҳисобларди Назарбоев.
Қисқа қилиб айтганда, сиртдан унчалик билинмаган бўлса-да, Назарбоев ва Каримов билан жуда яқин алоқада бўлган собиқ элчи Крол, бу икки феномен ўртасидаги жуда совуқ муносабатларни ўз кўзи билан кўрган ва бу кичик тўқнашувлар ва қочиримларни ўз хотираларида тасвирлаб беришга ҳаракат қилган.
Гулнорага отилган шиппак ва уни мажбурлаб турмушга бериш машмашаси
2011-2014 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси бўлган Жорж Крол ўз мемуарида нафақат дипломатик миссияси давомида дуч келган муаммо ва жараёнлар, балки Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг оиласи ичидаги жиддий инсидентларга ҳам гувоҳ бўлгани ҳақида ёзди.
“Дипломатик миссиям якунида мен Каримовнинг оиласидаги ғалати муаммога аралашиб қолдим. Янги йил кечаси кечки пайт элчихонада ишлаётган эдим. Элчихона дарвозаси олдидаги қоровул менга қўнғироқ қилиб, бир меҳмон зудлик билан мени – Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўз болалари билан кўрмоқчи эканлигини айтди. Вақт алламаҳал бўлиб қолган эди. Мен уларни элчихонанинг қабулхоналаридан бирида якка тартибда қабул қилдим. Гулнора Versace ва Gucci костюмларини кийиб, ҳаёти ва муаммолари ҳақида узоқ ҳикоя қила бошлади. Мен сабр билан тингладим, болаларига сув олиб келдим ва элчихонамиздан бошпана сўрамоқчи бўлишидан қўрқиб, мендан нима исташини сўрадим. Ўзбекистон Президентининг қизи ўз оиласи томонидан таъқиб қилинаётгани ҳақида гапираётган эди”, деб ёзади собиқ элчи.
Жорж Крол икки соатлик машаққатли монологининг охирида Гулнора Каримова ҳар томонлама отасининг ўзи эканига ишонч ҳосил қилганини ёзади. Элчига кўра, Гулнора Каримова ундан отаси билан учрашишида ёрдам сўрайди.
“Унинг сўзларига кўра, онаси [Татяна Каримова], синглиси [Лола Тилляева] ва Каримовнинг мулозимлари Гулнорага отасини кўришга рухсат бермаган. Соат ярим тунга яқинлашиб, Янги йил тонги отганда, ўзимни жуда енгил ҳис қилдим. Мен Гулнора ва унинг болаларини элчихона ёнида кутиб турган автомобилга кузатиб қўйдим ва унинг отаси билан қўлимдан келганини қилишга ваъда бердим. Эртаси куни Янги йил арафасида Каримов билан боғланишга муваффақ бўлдим. Орадан кўп ўтмай, Гулнора менга қувончли хабар йўллаб, учрашув тайинланганини айтди. Аммо, кейинроқ ундан эшитдимки, учрашув муваффақиятсиз бўлиб, отаси унга шиппак улоқтириши билан тугаган ва бу воқеадан сўнг мен Гулнорани бошқа кўрмадим”, дейди Жорж Крол.
Унинг таъкидлашича, Гулнора камчиликлардан ҳоли эмас ва у суҳбат давомида актрисалар каби образга киришганини яхши эслайди. Мемуарда қайд этилишича, Гулнора Каримова Президентнинг қизи бўлиш қанчалик даҳшатли экани ва у ўша пайтда ўз иродасига қарши турмушга чиқишга мажбурлангани ҳақида АҚШ элчисига нолиган. Крол Гулнора турмуш қуришга ва уйда фарзанд тарбияси билан машғул бўлишга мажбурлангани тўғрисидаги гаплардан сўнг унинг аҳволига бироз ачинган. Бундан ташқари, Гулнора Жорж Крол билан учрашувда отасининг бизнес ҳамда сиёсатдан узоқлашиб, дипломат бўлиш ҳақидаги таклифини рад этганидан жуда афсусда эканини ҳам тан олган.
Маълумот учун, 2013 йилнинг ноябрь ойига келиб, Гулнора Каримованинг қарийб 10 йил давом этган хайрия ва бизнес фаолиятларига нуқта қўйилди. Унинг раҳнамолигидаги ташкилотлар, хусусан Фонд Форум фаолияти тугатилди. Телеканаллар, радиолар эфири узилди, қама-қамалар авжига чиқди. Ўша кезларда Гулнора Каримова Twitter'дан қатор баёнотлар берди. Бу ишлар бошида онаси Татьяна Каримова ва синглиси Лола Каримова турганини айтди. У ўз отаси билан учраша олмаётганидан ёзғирганди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги танлов
АҚШ ҳукумати ўша пайтлар ўз мамлакатини дунёдан ажратиб қўйган жаҳлдор Каримов билан жуда ёмон муносабатда бўлган. У Вашингтонни мамлакатларнинг ички ишига аралашишга интиладиган ўзгармас ва ношукур собиқ ҳамкор сифатида билган.
Аксинча, Қўшма Штатлар Қозоғистонга Марказий Осиё минтақасидаги асосий стратегик ҳамкор сифатида қараган. Улар америкалик меҳмонларни ўзига мафтун этган ва ҳукумати Қозоғистонни тараққиётга етаклаётган, хорижий бизнесга дўст давлат сифатида кўрсатиш учун астойдил ҳаракат қилган Назарбоевга катта ҳурмат билан қараган. Назарбоев, шунингдек, Қозоғистоннинг ишончли минтақавий куч ва жаҳон саҳнасида жиддий ўйинчи сифатидаги имижини илгари сурган.
“Президентлар ўртасида рақобат бор эди, ҳеч бўлмаганда Каримов учун қозоғистонлик ҳамкасбига нисбатан душманлик мавжуд бўлиб, Каримов уни мақомга интилаётган ва йирик давлатларнинг илтифотини ва олқишини сотиб олиш учун ўз мамлакатининг ноқонуний йўллар билан орттирилган нефть бойликларидан фойдаланган раҳбар сифатида кўрди. Шубҳасиз, бу икки етакчи билан АҚШ элчиси сифатида ишлаш қийин бўлган”, дейди Крол.
Ўзбекистон саргузаштлари
Жорж Крол дастлаб Ўзбекистонга элчи этиб тайинланган. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси ва ўша пайтдаги Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Каримовга у ҳақида ижобий баҳо бергани учун Каримов рози бўлган. Келганидан бир неча кун ўтгач, у ишончномаларни топширади. Мовий осмон ва жазирама қуёш остида ўзининг биринчи нутқини ўзбек тилида қилади ва бу ўзбекларга жуда ёқади ва ҳатто давлат телевидениеси орқали ҳам кўрсатилади.
У бу воқеалар ва ундан кейинги жараёнларни шундай эслайди:
“Каримовга ишонч ёрлиқларини топшириш маросими элчи сифатидаги сафаримнинг кейинги тақдирини белгилаб берди. Ўша куни бу маросимни бир неча ой кутган яна бир қанча янги элчилар ишонч ёрлиқларини топширган бўлсалар-да, Каримов мени охиригача олиб қолди. Бу яхшими, ёмонми ёки фақат протокол масаласими, билмадим. Ўзбекистон президентининг расмий қароргоҳи – Оқ саройнинг безакли қабулхонасида унга ишонч ёрлиқларини топширганим ўша қисқа маросимда Каримов жуда ёқимли кўринди.
Шундан сўнг Каримов ёнидаги меҳмонхонага эргашишимни ишора қилди, у ерда менга стул таклиф қилди ва биз ўтирдик. У гаплашмоқчи эди. Суҳбат узоқ ва жиддий тарзда рус тилида кечди. У АҚШ президентлари, давлат котиблари, аввалги элчилар, сенаторлар ва бошқа америкалик таниқли шахслар билан мураккаб муносабатлари тарихини батафсил тасвирлаб берди. Чой қуйилган бўлса-да, биз унга ҳам, кўз олдимиздаги нафис ўйилган қаҳва столини безатган кўп сонли ликопчалардаги қуритилган мевалар, ёнғоқлар ва пишириқларга қўл теккизмадик.
Тахминан бир соатдан кейин Каримов тўхтаб қолди. Энди менинг навбатим келганди. Унинг монологи давомида айтганларини эслашга уринар эканман, шу муносабат билан ўрганган ўзбек тилидаги қисқа нутқимни ҳам хаёлимда такрорлаб турдим. Энди менда имконият бор эди. Мен ўзбек тилидаги ўқитувчиларим давлат раҳбарига мурожаат қилишнинг энг тўғри ва нафис йўлидан бошладим. Инглиз тилидаги таржимаси шундай эди: “Жаноби олийлари”. Шу иборани айтишим билан Каримов бирдан қўлини силтаб, мени тўхтатди. Менга диққат билан қараб: “Ўзбекчангиз жуда зўр, лекин менга бошқа бундай мурожаат қилманг. Тожик (Президент) Раҳмонга ўхшаганлар учун бу турдаги чиройли саломлашишни сақлаб қўйинг. У бундай гулли жозибани яхши кўради. Мен камтар одамман. Менга жаноб Президент деб мурожаат қилишингизнинг ўзи етарли”.
Каримов суҳбатга якун ясайди ва ўрнидан туриб Жоржни кузатиб қўяди. Элчининг сўзларига кўра, бу камдан-кам одамга кўрсатиладиган ҳурмат эди. Ўртадаги суҳбатдан хулоса қилар экан, Жорж Крол Каримов билан тил топишишни уддалаганини пайқайди. Эндиликдаги вазифаси эса бу одамни АҚШ ҳукумати хоҳлаган нарсани қилишга ундаш эди. Аммо бу давлат раҳбари мамлакатни яккахон ва темир мушт билан бошқарадиган автократ бўлса, жуда қийин кечиши ойдек равшан эди.
Бироқ Крол икки ўт орасида қолганди. У буни шундай эслайди:
“Ҳуқуқ ҳимоячилари мен АҚШ элчиси сифатида Каримовни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмонлиги учун шахсий ва ошкора қоралашимни хоҳлашарди. Лекин ростини айтсам, бу ёндашув ҳеч қандай натижа бермаслигини билардим. Ҳар ҳолда, бундай хатти-ҳаракатлар инсон ҳуқуқлари ҳамжамиятини қувонтирса ҳам, элчининг дипломат сифатидаги самарадорлигига путур етказаётганига, уни қабул қилаётган давлат раҳбарияти, ҳукумати ва ҳатто жамияти билан алоқа қилишдан маҳрум қилганига гувоҳ бўлдим. Мен Каримовни ўз қарашлари ва бошқарув услубини ўзгартиришга кўндиришдан унчалик умидим йўқ эди, лекин унга ҳурмат кўрсатиб, уни маълум даражада тушуниш ва ҳазил қилиб, қаттиққўллигини юмшата олдим. Бу ёндашув менга ва Каримовнинг баъзи жасур вазирларига баъзи тугунларни, жумладан, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни босқичма-босқич ҳал қилиш учун етарли даражада ёрдам берди. Чунки бошлиқ мени ҳурмат қилган. Мен буни нафосат санъати, яъни дипломатия, ўз касбим деб атаган бўлардим”.
Элчи Ўзбекистон бўйлаб тинимсиз саёҳатлар уюштиради. Бироқ бу ҳақда Каримовни доимий тарзда хабардор қилиб боради. Саёҳатлар чоғида у асабий маҳаллий амалдорлар билан мажбурий расмий учрашувлар ўтказгани, лекин у учун энг фойдали нарса шунчаки айланиш, бозорларни зиёрат қилиш, дўконларга кириш, одамларни тинглаш ва улар билан суҳбатлашиш бўлганини эслайди.
Элчи саёҳатларда деярли тўсиқларга учрамайди. У буни Каримов билан ўрнатилган яхши муносабатлар билан боғлайди.
“Яхшиямки, менинг Каримов билан “дўстона” муносабатим менинг ўтмишдошларим мамлакат бўйлаб саёҳат қилишда дуч келган энг бемаъни чекловларга чек қўйди. Ташриф учун ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган жадвал, одатда ҳукумат кўришни хоҳлаган одамлардан бошқа ҳеч ким билан учрашмасликни англатади. Аксинча, мен хоҳлаган одам билан гаплашишим ва хоҳлаган жойга боришим мумкинлигини англадим. Агар маҳаллий протокол ходими эътироз билдирса, мен доим президентнинг шахсий кўрсатмаларини бажараётганимни, жумладан, унга ўз таассуротларим ва мурожаатим ҳақида хабар бераётганимни айтардим. Бу уни ўз йўлимдан олиб ташлаш учун етарли эди. Чунки амалдор Тошкент билан муаммога дуч келгандан кўра чекинишни афзал кўради. Ҳар йил охирида эса мен Каримовга йиллик ҳисобот юборардим. Дипломатик тарзда тузилган мактубда Ўзбекистоннинг яхши ва ёмон жиҳатларини тасвирлаб берардим”, дейди Крол.
Кейинчалик маълум бўлишича, Каримов элчининг бу хатларини қадрлаган. Айнан шу маълумотлар алмашинуви АҚШ элчиси ва Президент Каримов ўртасидаги алоқаларни жипслаштирган. Бундан ташқари, элчи унинг ҳар бир қадами кузатув остида эканлиги ва ҳатто телефони ҳам назорат қилинишини сезган. Аммо у бу борадаги тўсиқларни, аксинча, ўз фойдасига ҳал қилишга муваффақ бўлган.
“Каримов қаердалигим ва нима қилаётганимдан хабардор эди. Албатта, мен буни билардим. Фаолиятим давомида тор шароитда яшаб, ишлаганим сабабли, кимдир менинг телефонимни кузатиш ва тинглашдек даҳшатли туйғуларни енгдим. Бироқ шу онда кузатувдан ўз манфаатим учун фойдаланишим мумкинлигини англадим. Бу эса менга Каримовнинг эътиборини ўзбек маҳбусларининг ёмон аҳволига қаратиш имконини берди.
Каримов ва Жорж Крол ўртасидаги муносабат борган сари илиқлашиб борар, улар ҳатто тез-тез кечки учрашувлар ташкил қилишга одатланганди. Суҳбат дунёнинг салбий томонга ўзгараётгани, Каримовнинг ғарблик раҳбарлардан норозилиги ва шунга ўхшаш сиёсий жараёнлар атрофида кечарди. Собиқ АҚШ элчисининг сўзларига кўра, Каримов бу учрашувлардан АҚШ олдидаги ўз имижини ўзгартириш мақсадида фойдаланмоқчи бўлган. Крол ҳам бу жараёнда қўл қовуштириб ўтирмаган. У ҳам ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда ушбу кечки суҳбатлар жуда қулай пайт эканини яхши англаган. Бироқ Каримовнинг феъл-атвори элчининг режаларини пучга чиқарган. Хусусан, суҳбатларнинг бирида Крол Каримовга ўз қарашларини бироз бўлса-да ўзгартириш лозимлигини ўта нозик дипломатик усулда етказади. Каримов эса бунга жавобан чуқур хўрсинганча “Жаноб элчи, мен узоқ вақтдан бери сиёсат билан шуғулланаман. Сиёсатда ўтган йилларим давомида қимматли бир сабоқ олдим: оқ қўлқоп билан сиёсат юритиб бўлмайди, сиёсат ҳар доим ифлос бизнес бўлган, у шундай ва шундай бўлиб қолади”, дея жавоб қайтаради.
Бу гапларни эшитган Крол ўзи хизмат қилган мамлакатлар ва Қўшма Штатлардаги сиёсат бўйича ўз кузатувларига асосланиб, Каримовнинг ҳақ эканини тан олишга мажбур бўлади. У сиёсат ўрмон экани ва бу ўрмонда одатда фақат энг кучлилар ёки энг айёр ва шафқатсизлар омон қолишини яхши биларди.
“Мен билган Каримов, Гулноранинг оғир аҳволидан келиб чиққан ҳолда, ҳатто ўз оиласига нисбатан ҳам илиқ одам эмас эди. Каримовнинг ҳаёти ҳақидаги ҳикоялари, менинг наздимда уни оилада меҳр-муҳаббатсиз ўсгани, ёшлигида муросасиз дунёга тушиб қолган ва эҳтимол зўравонлик, ирқчилик ва кўплаб камситишларга дучор бўлган одамдек таассурот қолдирди.
Каримов Ўзбекистонни бошқаришда ўта жиддий бўлиб туюлди. У ўз халқини бошқа давлатлар ҳурмат қилишини истаган ва ўзбек миллий ўзига хослигини шакллантиришга ўзини бағишлади. Унинг ўз саройлари бор эди, лекин у қизлари каби очиқчасига дабдабали эмас эди. У идеалист эмас, балки ўзини мутлақ реалист деб ҳисоблаган”, дея хотирлайди собиқ элчи.
Вақт ўтиб Жорж Кролнинг мамлакатимиздаги саргузаштлари ўз ниҳоясига етади. У энди ўш ишини қўшни Қозоғистонда давом эттириши ва Назарбоев билан юзлашиши лозим эди.
“Оқ уй Қозоғистондаги элчи лавозимига номзодим кўрсатилганини эълон қилганидан кўп ўтмай, охирги оқшом Оқ саройга чақирув қоғозини олдим. Каримов Ташқи ишлар вазири Комилов ҳамроҳлигида эди. У нега Ўзбекистонни тарк этмоқчи эканлигимни сўрашдан бошлади. Вашингтонга шикоят қилишини ва ҳатто менга чиқиш визаси беришдан бош тортишни ҳам ўйлаб кўришини айтди. Мен эса Каримовга дипломат сифатида давлат раҳбарим қаерга элчи этиб тайинласа ўша ерда ҳозир бўлишим кераклигини айтдим. Шунда Каримов жилмайиб қўйди ва Нурсултон Назарбоевга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида маслаҳат бера бошлади. Бу менинг Ўзбекистоннинг биринчи президенти билан сўнгги учрашувим ва ундан чиқарган сўнгги сабоғим эди”.
Қозоғистон саргузаштлари
Крол Ўзбекистондаги ишларини якунлаб, кейинги манзил – Қозоғистонга йўл олади. Энди уни қозоқ сиёсатчилари билан навбатдаги 3 йиллик саргузаштлар кутарди. 2015 йил бошидан ўз дипломатик миссиясини бошлаган Крол қозоқ элитасини ва ундаги муҳитни шундай эслайди;
“Назарбоев ва унинг ҳукумати Каримовдан бутунлай бошқача ўйин ўйнашди. Улар доимо менга ўзларининг илғорлиги ва дунё миқёсидаги нуфузли давлатлар клубининг тўлақонли аъзоси ва ишончли ҳамкор сифатида муносабатда бўлишига интилишларини сингдиришга ҳаракат қилди. Қозоқларнинг бойликлари бор эди ва у ўзларининг юксак мақсадларига эришиш учун бу бойликларни беҳуда сарфладилар. Лекин буларнинг барчаси юқори маошли лоббичиларга эмас эди. Улар ишончли ҳамкорлар сифатида таассурот қолдириш учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишди.
Назарбоевнинг ўзи Каримовдан бутунлай бошқача шахс эди. Гарчи иккаласи ҳам ҳокимият жиловини маҳкам ушлаб турган ва демократик бошқарув тизимларини ривожлантириш бўйича оғзаки мажбуриятларига қарамай, ҳокимиятни ҳеч қачон бўлишишмаган ёки бошқа лидерларнинг пайдо бўлишига имкон бермаган.
Назарбоев табиий ва тажрибали мафтункор шахс эди, айниқса, чет элликлар билан. У ҳазил айтишни яхши кўрарди ва дунё етакчилари билан шахсий муносабатларидан завқланарди. Унинг бу истеъдоди рақиби Каримов томонидан катта нафрат билан қабул қилинарди. Назарбоев Қозоғистон мустақилликка эришганидан бери ҳар бир Америка президенти билан учрашганидан фахрланарди. Унинг элчилари тинмай ўз хўжайини учун бу учрашувларни қидириб, кўпинча президент билан керакли учрашувни олиш эвазига ички сиёсатда керакли ўзгаришларни амалга оширишга ваъда беришарди”. Дея хотирлайди элчи.
Бир макон, икки қутб
Қўшма Штатлар ҳар бир раҳбарга турлича муносабатда бўлди. Асосан ҳар бири Американинг минтақадаги ва дунёдаги кун тартибини сўз ва амалда қанчалик қўллаб-қувватлаганига қараб ажратилди. Марказий Осиёнинг амалда сиёсий, иқтисодий ва таълим маркази бўлган Ўзбекистон, табиийки, постсовет даврида АҚШнинг севимли давлатига айланганди. Аммо Каримов Вашингтоннинг қарашлари ва қадриятларига нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиб, Ўзбекистон хавфсизлиги, сиёсий ва иқтисодий манфаатлари учун ўз хоҳиш-истакларини биринчи ўринга қўйгани сабабли тез орада муносабатлар кескинлашди. У Афғонистонда жанг қилаётган Америка қўшинлари учун база ажратишга рози бўлган ва уларни етказиб бериш учун Ўзбекистон орқали транзит йўлига рухсат берган, бироқ мустақилликдан кейин Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида томчилаб йиғилган яхши алоқалар Андижон воқеалари сабаб челаклаб ағдариб ташланади.
Шундан сўнг тез орада Қозоғистоннинг улкан нефть ва табиий бойликлари Назарбоевнинг жозибали шахсияти билан бирлашган ҳолда Қозоғистонни Американинг Марказий Осиёдаги биринчи рақамли ҳамкорига айлантирди. Бу Назарбоевнинг инсон ҳуқуқлари, сиёсий плюрализм, қонун устуворлигининг шаффоф қўлланилиши ҳақидаги оғзаки ваъдаларини бажаришни истамаслигига қарамай содир бўлди.
Жорж Крол буни шундай хотирлайди:
“Назарбоев моҳирлик билан АҚШга ўзи хоҳлаган нарсанинг катта қисмини, хусусан, ўзининг улкан нефть бойликларидан фойдаланиш имкониятини берди. Лекин ҳар доим унинг ҳукмронлигига таҳдид соладиган Россия ва Хитой каби йирик қўшнилари билан муносабатларни бузиши мумкин бўлган ҳар қандай ишни қилишдан ўзини тия олди. Унинг ҳукумати Вашингтондаги лоббичиларга ва ўз режими учун яхши имиж яратиш лойиҳаларига миллионлаб маблағ сарфлади”, дейди элчи.
Шундай қилиб, ўз вақтида Ўзбекистон ва Қозоғистонда навбатма-навбат АҚШ элчиси бўлиб хизмат қилган Жорж Крол, бу икки давлат ва унинг собиқ раҳбарлари ҳақидаги эсдаликларига қуйидагича якун ясайди;
“Иккала президент ҳам автократлар эди. Уларнинг ҳеч бири совет тажрибаси ва тарбияси билан сингдирилган сиёсий одатлардан қутула олмади. Охир-оқибат, уларнинг ҳеч бири давлатни ўзидан ажрата олмади. Уларнинг ҳеч бири тепада ҳукмронлик қилишдан бошқа нима қилишлари мумкинлигини билмас эди. Ўзлари ҳукмронлик қилган жамиятлардан ажралиб, улар ўзлари яратган дунёда, шубҳа ва хиёнат билан ўралган ҳолда яшадилар. Тақдир Каримов ва Назарбоевни шўро ёшлик йилларида тасаввур ҳам қила олмайдиган ролларга итариб юборди. Улар ўзлари учун эришган юксак мақомга қарамай, ҳамон бошқалар каби ўз хоҳиш-истаклари, эҳтиёжлари ва ишончсизлиги бўлган одамлар эди. Дипломат сифатида мен буни доим эслаб қолишим ва ҳамкасбларим ҳамда раҳбарларимга таъкидлашим керакки, бу раҳбарлар оммавий ахборот воситалари томонидан яратилган бир хилдаги стереотиплар эмас, балки инсоннинг барча камчиликлари, фобиялари ва фазилатларига эга бўлган мураккаб инсонлар бўлган. Ажабланарлиси шундаки, мен бу икки президентни янги ташкил этилган мамлакатларини индивидуал ўзига хосликларга эга, ҳаётий, мустақил давлатларга айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун ҳурмат қилдим. Бироқ, шунга қарамай, ушбу икки президентнинг ўта шахсий қарорлари оқибатлари билан яшаётган мамлакатларига ачиндим”.
LiveБарчаси