Гулнора Каримова 52 ёшини панжара ортида қаршилади
Таҳлил
−
09 Июль
73809Дипломат, профессор, шоира, дизайнер, хонанда, тадбиркор, медиамагнат. У қисқа вақт ичида кўплаб статуслар олган, ўнлаб соҳаларга қўл урган, аммо ҳеч бири Гулнорага Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи дея тилга олинадиган мақомни бера олмайди. Сўнгги бор 2013 йилда таваллуд айёмини тантанали қилиб нишонлаган Гулнора Каримова, 8 июль куни 52 ёшни панжара ортида қаршилади ва у ҳамон ҳибсда қолмоқда.
Гулнора Каримова 2004 йилдан қамалгунга қадар нафақат мамлакатда, балки хорижда ҳам катта обрў-эътиборга, мавқега эга бўлган. Каримова хоним қўл урмаган соҳа, бошчилик қилмаган лойиҳалар камдан кам учрарди. Хайрия дейсизми, ёшларга оид давлат сиёсатини юритишми ёки медиа соҳасими, хуллас, ҳеч бир Гулнора Каримовани четлаб ўтмаган.
Гулнора Каримова нима учун қамалган?
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 1972 йилда туғилган Гулнора Исломовна Каримовага 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Хўш, унга қандай айбловлар қўйилганди? Энди 2017 йилда Бош прокуратуранинг Гулнора Каримовага оид жиноят иши бўйича тақдим этган илк баёнотини эсласак.
Дастлаб Каримовага 2013 йил 24 октябрда бир нечта МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноят ишини тергов қилиш давомида Гулнора Каримова 2001-2012 йилларда Содиқов, 2013 йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар Мадумаров раҳбарлик қилган уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига бевосита кўмаклашиб келгани аниқланган.
Прокуратуранинг ўша вақтда ёзишича, Каримова назорати остида ва кўмагида бўлган жиноий гуруҳ аъзолари 2001-2013 йилларда бир қатор жиноятларни содир этган. Гулнора Каримова ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 179-модда (Сохта тадбиркорлик), 184-модда (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 227-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш билан айбланган.
Юқорида Каримова 2017 йилнинг декабрь ойида 10 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида айтгандик. Ўшанда унга инсонпарварлик нуқтайи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда, Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилганди.
Бу жазони ўташ жойи этиб, унинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган. Шу билан бирга, маҳкума Г.Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.
Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
ОАВга маълум маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб борилган.
Олий суднинг 2020 йилда берган маълумотига кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.
Ундан кейин ҳам Каримованинг чет элдаги пулларини қайтариш юзасидан бир нечта суд мажлислари бўлиб ўтди. Ҳозиргача расмий идоралар охир-оқибат Каримованинг жазо муддати қачон тугаши ҳақида лом-мим деганича йўқ.
Каримова қамоқда
Гулнора Каримованинг қамоққа олиниши, уни тергов қилишда адвокатнинг киритилмаслиги, қамалганидан сўнг оиласи билан учраштирилмагани ҳақидаги гапларни кўп эшитамиз.
Гулнора Каримова Зангиотадаги 21-сонли колонияга ўтказилганидан бир ой ўтиб, унинг швейцариялик адвокати Грегуар Manja Twitter’ида мижозининг аҳволи яхши эмаслиги ҳақида маълум қилган.
“Зангиотадан қайтяпман. Мижозимнинг аҳволи оғир. Қон босими баланд. Оёғи тўлиқ бинт билан боғланган. Ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти. Ҳушидан кетиш ҳолатлари кўп кузатилган”, деган адвокат.
У ҳукуматдан Каримовани бу тарзда ушлаб туриш бас қилинишини сўраган.
Адвокат бу каби эътирозларни бир эмас, бир неча бор айтган. Мисол учун, Грегуар Manja Каримова даволанишдан бош тортаётгани, адвокат зиёратидан сўнг, қамоқхонанинг тиббий блокидан чиқарилгани, унинг олдига шифокорлар киришига рухсат берилмаётгани ҳақида ҳам ёзганди. Бош прокуратура эса Каримовага нисбатан ҳеч қандай босимлар йўқлигини айтиб чиққан ўшанда.
Бундан ташқари, Гулноранинг қизи Имон Каримова ҳам ўзининг Instagram саҳифасида онаси билан тушган суратларини жойлаб, у билан учрашиш имкони йўқлигини бир неча бор айтган.
Доимгидек расмий идоралар бу масала бўйича сукут сақлайди. Қайси даврада бўлмасин Каримованинг колонияда қандай шароитда ўтиргани, унинг аҳволи ҳақида сўралса, умумий гап билан чекланишади.
YouTube саҳифаларида эса Каримова билан бир колонияда жазо ўтаган аёллар уни кўрганлари ҳақида интервьюлар ҳам беришган. Куни кеча шундай интервьюлардан бири эълон қилинди.
Каримованинг пуллари
Гулнора Каримованинг мол-мулки ҳақида гапирганда ҳисоб-китобда янглишиб қолишингиз аниқ. Чунки йилига камида 2 марта Каримованинг қайси мамлакатда қандай бойлиги борлиги ёки бошқалари ҳақида маълумотлар эълон қилинади.
Бу борада Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳам текширувлар ўтказган. 2022 йилнинг сентябрида Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган брифингда вазир ўринбосари Музроф Икромов Биринчи Президентнинг тўнғич қизи ва унинг бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг Франция, Бельгия, Буюк Британия, Латвия ва Россия каби давлатларда мулклари бўлганини айтганди.
Тергов маълумотларига кўра, Каримова жиноий шериклари ёрдамида 12 та хорижий мамлакатда 1,3 миллиард АҚШ доллари, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт ва 18,5 миллион франк миқдорида активларни қонунийлаштирган.
Швейцария 2012 йили Женева ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаётган 800 миллион франкни музлатиб қўйган. Швейцария прокуратураси бу пулнинг 686,7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида қарор чиқарган.
2023 йилнинг 28 октябрида эса “Financial Times” нашри Швейцариядаги фуқаролик ишлари суди Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг 840 миллион долларлик бойлиги кимга ўтишини ҳал қилиши мумкинлигини ёзганди.
“Ўзбекистон маликаси” сифатида танилган Гулнора Каримованинг 840 миллион долларлик бойлиги Швейцария банклари кассаларида, ҳукумат буйруғи билан музлатиб қўйилган. Швейцария бўйлаб фуқаролик судларида олиб борилаётган ҳуқуқий уруш эса яқинда активлар Швейцария ва Ўзбекистон ҳукуматлари, Zeromax холдинг компанияси кредиторлари ёки Гулнора Каримованинг ўзига тегишли эканини ҳал қилиши мумкин”, деб ёзган нашр.
Қайд этилишича, 28 сентябрь куни Швейцария прокуратураси Каримовага қарши жиноий иш қўзғатган. Суд унинг бойлиги қаердан келгани ва қаерга йўналтирилиши ҳақида муҳим далилларни очиқлашни ваъда қилган. Айблов хулосаси эса аллақачон Zeromax кредиторларининг янги даъволарига сабаб бўлган.
Ўша вақтда нашр Швейцариядаги жиноий суд жараёнининг санаси ҳали белгиланмаганини ёзган. Бугунгача бу иш қандай тугагани ҳам номаълум.
Гулноранинг оиласи билан муносабати
Гулнора Каримовнинг отаси, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан муносабати зўр эди, деб айтиш қийин. Уларнинг сўнгги йилларда бирга тушган суратлари ҳам йўқ. Қолаверса, Каримовага отаси иқтидорда вақтида жиноят иши очилган. Бир неча йил олдин Гулнора Каримованинг отасининг олдига киритишларини сўраган видеоси ҳам тарқалган эди.
2020 йилнинг январь ойида Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллиги муносабати билан чоп этилган фотоальбомга ҳам Каримовнинг қизлари билан тушган суратлари киритилмаган эди.
Гулноранинг тўнғич фарзанди кичик Ислом Каримов 2017 йилда ББCга берган интервьюсида бобоси – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора билан муносабатларига тўхталганди.
“Бобом ҳар доим онамга “Ҳеч қачон мендан ошиб кетмаслигинг керак”, деб айтиб келган. Бобомда ўз қизи унга бўлган халқ муҳаббатини ўғирлаб олади, деган хавотир бўлган. Онам ҳеч қачон бунга уринмаган ва ҳар доим уни кўкларга кўтарган”.
Кичик Каримов сўзида давом этаркан, бобоси онасининг ТВ экранлари ва матбуот саҳифаларида чиқишини истамаганини айтади.
“Муаммо шундаки, бобом бир неча бор уйда ўтириб, онамни телевизорда кўрган. Онам у ерда ёки бу ерда кўриниш берган. У шунчалар ғазабланганки, баъзи жамоатчилик ишларини ундан яширишга мажбур бўлганмиз. Бобом унинг ўзбек матбуоти, телеканаллар, маросимларда чиқишини истамаган. Шунинг учун Фонд форумда бўлган “Меҳр нури”, “Янги авлод” каби баъзи компанияларни расмийлаштиришимиз жуда қийин бўлган. Илк йиллари онам уларга боғлиқлигини рад этган. Васийлик кенгашида исми турса-да, бу менинг ғоям деб айтолмасди. Агар айтса, бобом “Мана, сен мендан ҳокимиятни ўғирламоқчисан”, деб айтган бўларди”, деган кичик Ислом Каримов.
Гулноранинг муносабати нафақат отаси билан, балки синглиси Лола Каримова билан ҳам муносабати ҳавас қилгудек бўлмаган.
Лола Тилляева 2013 йилда халқаро оммавий ахборот воситаларидан бирига берган интервьюсида опаси Гулнора Каримова билан 12 йилдирки муносабатлари яхши эмаслигини айтган. Бундан чиқди, 2001 йилдаёқ уларнинг орасидан ола мушук ўтган.
“Мавжуд бўлмаган муносабатларни тасвирлаб бериш қийин. Мен ва опам бир-биримиз билан 12 йилдан ортдики мулоқот қилмаймиз. Буни ҳеч қачон яширмаганмиз ва бундан кўплар хабардор. Кўп йиллардан бери ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Орамизда на оилавий, на дўстона алоқалар бор. Савол сўрашингиздан олдин айтмоқчиманки, оилавий маросимларда ҳам кўришмаймиз”, деган эди Лола Каримова ўз интервьюсида.
Кейинроқ Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов ҳам 2016 йилда ОАВга интервью бериб, онаси ва холаси ўртасидаги зиддиятларда марҳум бобосини айблаганди.
“Ойим ва синглиси орасида ёшликларида нормал муносабатлар бўлиб келган. Ягона муаммо шуки... Мен бунда кўпроқ бобомни айблайман. Чунки ойим математика мактабини олтин медаль билан битирган. Бобомнинг изидан борган. Ойим спорт билан шуғулланган, қора камар олган. Ўз карьерасини қуришни бошлаган. У нима қилса, холам буни такрорлашни истаган. Лекин нега? Ўйлайманки, сабаби – бобом бутун умр холамга гапирган “Нега опангга ўхшай олмайсан? Нега мана буни қилолмайсан? Нега яхши ўқимайсан? Нега “У” бўлолмайсан?”
Мен ўз қизларингга бундай муносабат қилишни нотўғри деб биламан. Шунинг учун, бу унинг айби деб ўйлайман. Лекин факт шуки, бу унга таъсир қилган. Холам бутун умр буни эшитгани учун унда комплекс пайдо бўлган. Мана ҳозир жамғарма тузилибди. Мамлакатда ҳамма биладики, бизда жамғарма аллақачон бор эди. Журнал ҳам бор эди, у ҳам журнал чиқаряпти. Буни исботлашга ҳам ҳожат йўқ. Бутун умр ўзаро пойга бўлган. Холам ҳам нималаргадир қодир эканини кўрсатишга интилган. Ўйлашимча, нафрат шундай пайдо бўлган, чунки холам барибир ойим даражасига чиқа олмаган. Булар кейин кўпириб жисмоний муаммога айланган. Бошида бу фақат ҳиссиётлар даражасида бўлган бўлса, ҳозир бу ҳаётимизда акс этяпти. Бу адоват туфайли оилалар барбод бўляпти”, деган эди кичик Ислом Каримов.
Лола Каримова уч фарзанди ва турмуш ўртоғи Темур Тилляев билан АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида истиқомат қилиб келмоқда. Лола Каримова сўнгги бор отаси Ислом Каримовни хотирлаш маросимларида 2017 йил иштирок этди. 31 август куни Оқ уй қароргоҳида ўтган маросимда Лола Каримова жияни Имон Каримова билан намоён бўлганди. Бироқ Имон Каримова холаси билан муносабатлари тикланганини рад этган.
Опа-сингилларнинг фарзандлари яқин йилларгача борди-келди қилиши маълум эмас эди. 2022 йилнинг январь ойида холаваччалар Имон Каримова ва Марям Тилляевалар орадан 8 йил ўтиб учрашди. Бу ҳақда улар ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали хабар беришганди. Учрашув олдиндан режаланмагани ва кутилмаган бўлгани уларнинг ҳаяжонидан билиниб турарди. Орадан бироз вақт ўтиб, 2023 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримова набиралари билан Лондонга саёҳат қилди.
Саёҳатда собиқ биринчи хонимга Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова ва ўғли Ислом Каримов, Лола Каримованинг фарзанди Марям Тилляева, шунингдек, Имон Каримова билан турмуш қуриши кутилаётган йигит ҳамроҳлик қилган.
2011-2014 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида фаолият юритган Жорж Крол ўз мемуарида Ислом Каримов ва унинг қамоқдаги қизи Гулнора Каримова билан муносабатлари ҳақида гапириб берди.
“Мен Каримовнинг оиласидаги ғалати муаммога аралашиб қолдим. Янги йил кечаси кечки пайт элчихонада ишлаётган эдим. Элчихона дарвозаси олдидаги қоровул менга қўнғироқ қилиб, бир меҳмон зудлик билан мени – Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўз болалари билан кўрмоқчи эканлигини айтди. Вақт алламаҳал бўлиб қолган эди. Мен уларни элчихонанинг қабулхоналаридан бирида якка тартибда қабул қилдим. Гулнора Versace ва Gucci костюмларини кийиб, ҳаёти ва муаммолари ҳақида узоқ ҳикоя қила бошлади. Мен сабр билан тингладим, болаларига сув олиб келдим ва элчихонамиздан бошпана сўрамоқчи бўлишидан қўрқиб, мендан нима исташини сўрадим. Ўзбекистон Президентининг қизи ўз оиласи томонидан таъқиб қилинаётгани ҳақида гапираётган эди”, деб ёзади собиқ элчи.
Жорж Крол икки соатлик машаққатли монологининг охирида Гулнора Каримова отасининг ўзи эканига ишонч ҳосил қилганини айтади. Элчига кўра, Гулнора Каримова ундан отаси билан учрашишда ёрдам сўраган.
“Унинг сўзларига кўра, онаси [Татяна Каримова], синглиси [Лола Тилляева] ва Каримовнинг сарой аъёнлари Гулнорага отасини кўришга рухсат бермаган. Соат ярим тунга яқинлашиб, янги йил тонги отганда, ўзимни жуда енгил ҳис қилдим. Мен Гулнора ва унинг болаларини элчихона ёнида кутиб турган автомобилга кузатиб қўйдим ва унинг отаси билан қўлимдан келганини қилишга ваъда бердим. Эртаси куни Янги йил арафасида Каримов билан боғланишга муваффақ бўлдим. Орадан кўп ўтмай, Гулнора менга қувончли хабар йўллаб, учрашув тайинланганини айтди. Кейинроқ ундан эшитдимки, учрашув муваффақиятсиз бўлиб, отаси унга шиппак улоқтириши билан тугаган. Гулнорани бошқа кўрмадим”, дейди Жорж Крол.
Унинг таъкидлашича, Гулнора камчиликлардан ҳоли эмас ва у суҳбат давомида актрисалар каби ролга киришганини яхши эслайди. Мемуарда қайд этилишича, Гулнора Каримова президентнинг қизи бўлиш қанчалик даҳшатли экани ва у ўша пайтда ўз иродасига қарши турмушга чиқишга мажбурлангани ҳақида АҚШ элчисига нолиган. Крол Гулнора турмуш қуришга ва уйдан чиқмай, фарзанд тарбияси билан машғул бўлишга мажбурлангани тўғрисидаги гаплардан сўнг, унинг аҳволига ростманасига ачинган. Бундан ташқари, Гулнора Жорж Крол билан учрашувда отасининг бизнес ҳамда сиёсатдан узоқлашиб, дипломат бўлиш ҳақидаги таклифини рад этганидан жуда афсусда эканини ҳам тан олган.
Бу сўзлардан ҳам Каримованинг отаси билан муносабатлари ҳавас қилгудек эмаслигини билиш мумкин.
Юқорида айтганимиздек, бугунги кунда Каримова хонимнинг айни дамдаги аҳволи ҳақида айтарли маълумот мавжуд эмас. Бирор идора у ҳақида маълумот бермайди, саволлардан ҳам қочишга ҳаракат қилишади. Ўзбекистонни 25 йил бошқарган Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ўзининг 52 ёшини ҳам қамоқда қарши олди.
LiveБарчаси