Ўзбекистон 6 та тезюрар электропоезд сотиб олади
Жамият
−
14 Август
5424Ўзбекистон темирйўллари учун Корея Эксимбанки иштирокида 6 та юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлар харид қилинади. Бу ҳақда 12 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Қайд этилишича, бу борада 2024 йил 14 июнда Корея Республикасининг “Hyundai Rotem” компанияси билан шартнома имзоланган. Қарорга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 220,03 млн еврога тенг бўлиб, лойиҳани амалга ошириш даври 6 йилни ташкил қилади.
Мазкур лойиҳа билан йўловчи ташишни йилига 1,3 млн нафарга етказиш ҳамда 300 нафардан ортиқ қўшимча иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Лойиҳанинг ўз-ўзини оқлаш тахминий муддати эса 25,1 йил этиб белгиланган.
Корея Эксимбанкининг қарзларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи органлар – “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ ва унинг таркибидаги “Темирйўлекспресс” АЖ ҳисобланади.
Маълумот учун, 2024 йил якунига қадар 465 км бўлган Бухоро-Урганч-Хива, 2026 йил якунига қадар 196 км бўлган Мискин-Нукус темирйўл участкаларида электрлаштириш ишларининг якунланиши натижасида электропоездлар ҳаракати 250км/соатгача етказиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиядан Тошкентга 3 та метро поезди олиб келинганди.
LiveБарчаси