Россиядан Тошкентга 3 та метро поезди олиб келинди
Жамият
−
29 Май
5866Бугун, 29 май куни Тошкент метрополитени вагон паркига яна янги тўрт вагонли 3 та замонавий метро поездлари олиб келинди. Бу ҳақда "Тошкент метрополитени" ДУК маълум қилди.
Билдирилишича, ушбу ҳаракат таркиблари белгиланган йўриқномага асосан, 7-10 кун давомида техник синовдан ўтказилиб, сўнгра йўловчиларга хизмат қилиши йўлга қўйилади.
“Шунингдек, йўналишлардаги вақт интервалларини янада қисқартириш мақсадида, янги ҳаракат таркиблари асосан, "Ерусти ҳалқа йўли йўналиши"да ҳаракатга чиқарилади”, дейилади хабарда.
Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур метро поездлари Россиянинг “Метровагонмаш” компанияси томонидан етказиб берилган.
“Бугун Тошкент метрополитени эҳтиёжлари учун Тошкент шаҳрига Россияда ишлаб чиқарилган 12 та вагон олиб келинди ва поездлар 7-10 кун ичида техник кўрикдан ўтказилиб, йўловчиларга хизмат кўрсатишга тайёр бўлади”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв 27 май куни Тошкентда икки давлат Президентлари иштирокида бўлиб ўтган Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари кенгашида июнь ойи охиригача яна учта тўрт вагонли поезд етказиб бериш режалаштирилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Метровагонмаш” 2024-2025 йилларда Ўзбекистонга яна 60 та метро вагонларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаш бўйича музокаралар олиб бораётгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси