Ўзбекистон 2021 йилда ҳам энг кўп уран қазиб олган давлатлар бешлигига кирди

Жамият

image

Ўзбекистон 2021 йилда ҳам уран қазиб олувчи давлатлар рейтингидаги бешинчи ўрнини сақлаб қолди. Бу ҳақда Бутунжаҳон ядро ассоциацияси (WNA) тарқатган маълумотларда келтирилган.

Қайд этилишича, 2021 йилги кўрсаткичлар аввалгиларига ўхшаш. Ўзбекистонда йилига барқарор равишда 3,5 минг тонна уран ишлаб чиқарилмоқда. Хусусан, мамлакат 2020 ва 2019 йилларда ҳам 3,5 минг тонна, 2018 йилда эса 3,4 минг тонна уран ишлаб чиқарган.

Рўйхатда биринчи ўринни Қозоғистон эгаллаган – 22 минг тоннага яқин, бу жаҳон етказиб беришнинг 45 фоизини ташкил этади. Кейинги ўринлардан Намибия (5753 тонна), Канада (4693 тонна) ва Австралия (4192 тонна) жой олган. 

“Kitco” нашрига кўра, Ўзбекистон қазиб олинган уранни мамлакатда қайта ишламайди ва тўлиқ ҳажмда бошқа мамлакатларга экспорт қилади.

Маълумот ўрнида, дунё бўйлаб табиий уран захиралари 6,14 млн тоннага тенг экани айтилади. Шундан 28 фоизи Австралия, 15 фоизи Қозоғистон ва 9 фоизи Канада ҳиссасига тўғри келади. Кейинги ўринларда Россия ва Намибия, уран захираларининг мос равишда 8 фоиз ва 7 фоиз қисмига эгалик қилади. Ўзбекистон 132 минг тонналик (дунё захирасининг 2 фоиз қисми) уран захираларига эга.

Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жаҳон бозорида уран нархи барқарор ўсиб бораётгани, янги лойиҳаларда бу хомашёни қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаган эди. 

Президент томонидан 2022-2026 йилларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Бу дастурда 8 та янги кон ва 18 та истиқболли майдон ҳисобига уран захирасини ошириш, замонавий бурғилаш ускуналарини олиб келиш, рақамли геология моделини яратиш кўзда тутилади.


Мақола муаллифи

Теглар

рейтинг Ўзбекистон Уран

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг