Ўзбекистон уран қазиб олишни кўпайтиради

Жамият

image

Геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, уран ишлаб чиқариш ҳажми оширилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимотида айтиб ўтди.

Тақдимотда таъкидланишича, уран бўйича 27 та янги кон очилиб, барқарор хомашё базаси яратилган. Лекин соҳадаги имкониятлар анча кўп. Шу боис Прездент нодир ва ноёб металлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича топшириқ берган эди.

Тақдимотда мутасаддилар шу борада ишлаб чиқилган режалар юзасидан ахборот берди. Унга кўра, умумий қиймати 182 миллион долларлик 14 лойиҳа шакллантирилган. 

Президент томонидан 2022-2026 йилларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Бу дастурда 8 та янги кон ва 18 та истиқболли майдон ҳисобига уран захирасини ошириш, замонавий бурғилаш ускуналарини олиб келиш, рақамли геология моделини яратиш кўзда тутилади.

Шунингдек, “Навоийуран” давлат корхонасини трансформация қилиш, хорижий мутахассисларни жалб этиб, технологик жараёнларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Уран захирасини халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш, сўнгги технологиялар асосида рудадан уранни ажратиб олиш даражасини ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Тақдимотда истиқболли конларни тайёрлаш ва уларга инвесторларни жалб қилишга оид таклиф ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида “Янги кон” лойиҳа офиси ташкил этиш, унинг устав капиталига 15 миллион доллар ажратиш мўлжалланган. Бу лойиҳа офиси литий, алюминий, магний, графит ва бошқа нодир металларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширади.

Президент жаҳон бозорида уран нархи барқарор ўсиб бораётгани, янги лойиҳаларда бу хомашёни қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаган.

Албатта, бунинг учун малакали кадрлар ҳам зарур. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан Геология фанлари университети ташкил этилган эди. Навоий кончилик институтига университет мақоми берилди. Италиянинг Пиза ҳамда Россиянинг Санкт-Петербург кончилик университетлари билан қўшма дастурлар тузилди.

Лекин, замонавий билимга эга, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни яхши ўзлаштирган ўрта бўғин мутахассисларинини тайёрлаш суст экани қайд этилди. Жумладан, биргина Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида йилига 300 дан ортиқ ўрта бўғин мутахассисларга эҳтиёж бор.

Шу боис Зарафшон, Ангрен ва Ғузордаги техникумларда геологияга ихтисослашган йўналишларни кўпайтириб, малакали ишчилар тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Ўтган йили мамлакатда мис саноати кластери ташкил этилган эди. Дастурга кўра, мис ишлаб чиқаришни ягона “занжир” асосида 2 бараварга кўпайтириб, 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш режа қилинган.

Тақдимотда шу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам ҳисобот берилди.

Маълумки, Ўзбекистондаги энг долзарб муаммолардан бири бу – сув танқислиги. Бундай шароитда ерости сувидан ақл билан фойдаланиш зарур. Афсуски, сўнгги йилларда ерости сувининг сатҳи юртимиздаги 13 та туманда 5 метргача, 9 та туманда 20 метргача пасайган.

Шу боис Президент мутасадди ташкилотларга ерости суви захираларини кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

179

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг