Ўзбек-қирғиз чегерасидаги тўқнашув сабаб 6 киши қамоққа олинган – БП
Жамият
−
25 Август 2020
37042Жорий йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани, Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси, Боткен области, Кадамжай райони, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берганди.
Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ҳодимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.
Мазкур ҳолат бўйича 1 июнь куни Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 244-моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, чегара ҳудудидаги тўқнашув ортидан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманига борганди. У Боткен вилоятида Қирғизистон Бош вазири биринчи ўринбосари (ҳозирда Бош вазир) Кубатбек Боронов билан учрашганди.