UzAutoMotors депутат Кушербоев устидан шикоят қилди
Жамият
−
11 Август 2020
30785Сўнгги вақтларда ўзаро баҳслашаётган UzAutoMotors АЖ ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев мунозарасида бурилиш юз берди.
UzAutoMotors Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб комиссиясига депутат Расул Кушербоев устидан шикоят хати юборди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди.
“Шикоятда иддао этилишича Кушербоев компания ва унинг фаолияти ҳақида асоссиз фикрлар билдириш орқали UzAutoMotors`нинг “ишчанлик обрўсига” путур етказганмиш (йўқ обрўга қандай путур етказиш мумкин ҳайронман)”, дейди Ғаниев.
Кеча, 10 август куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий фракцияси йиғилишида ушбу шикоят хати кўриб чиқилган. Унда фракциянинг барча депутатлари бир овоздан Кушербоевни қўллаб-қувватлашган.
“Зеро, “UzAutoMotors” АЖ ҳақида Кушербаевнинг билдирилган фикрлари қанчалик ҳақиқатга яқинлигини унга булган халқнинг муносабати кўрсатиб турибди”, дейди Дониёр Ғаниев.
Депутат Ғаниев монопол автомобилсоз компания йиллар давомида давлатнинг ҳисобига яшагани, одамларни камситгани етмаганидек, энди ботган ботқоғидан чиқишни истамаслигини қоралаган.
“UzAutoMotors АЖ эса йиллар давомида давлатнинг ўнлаб триллион сўмлик имтиёз ва префенцияларидан фойдалангани, истеъмолчилар ҳуқуқларини доимий камситиб келгани етмаганидек, энди унга нисбатан халқнинг, депутатларнинг, жамоатчиликнинг танқидларини рад этиб, ўзи тушиб олган кўлмакдан чиқишни истамаслиги бу компаниянинг қанчалар юзсиз эканлигини кўрсатиб қўйди”, дея ҳолатни изоҳлаган депутат.
Маълумки, Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAutoMotors`га нисбатан текширув бошлаган. Ғаниевнинг сўзларига кўра, шу иш доирасидаги муҳокамалар давомида компаниянинг қинғирликлари фош бўлган.
“Қолаверса, бир неча кун аввал Монополияга қарши курашиш қўмитасининг UzAutoMotors АЖ фаолиятига оид текшируви натижалари бўйича махсус комиссияси муҳокама йиғилишида компаниянинг бир қанча кирдикорлари ошкор бўлган эди. Йиғилишда кўтарилган масалалар якунига кўра компания 2020 йилда автомобиль таннархларини шакллантиришда жами 1,1 трлн сўмдан кўпроқ асоссиз харажатлар ҳисобланганлиги текширув давомида аниқланган. Бу эса ўртача ҳисоблаганда ҳар бир автомобиль таннархи камида 4-5 млн сўмгача асоссиз оширилганини англатади”, дейди Дониёр Ғаниев нархлардаги ноҳақликларга эътибор қаратиб.
Шундан сўнг, депутат UzAutoMotors АЖ Кушербоев устидан шикоят қилиб, гапни айлантиргунча Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан аниқланган 1,1 трлн.сўм бўйича аниқ фактлар асосида ҳисоб берса яхши бўлармиди, дея саволга тутган.
“Кушербоев ҳам депутат, ҳам фуқаро сифатида ўзининг конституциявий ҳуқуларидан фойдаланган ҳолда ўз фикрини билдирди. UzAutoMotors АЖ эса унинг бу ҳуқуқларидан фойдаланганлигини қораламоқда. Бу эса муҳтарам президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсий ўзгаришлар, хусусан мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш, кучли демократик давлат қуриш йўлидаги ислоҳотларга зиддир”, деб депутат UzAutoMotors`нинг ҳаракатларини қоралаган.
Сўзи якунида эса у ҳам UzAutoMotors`дан айтганлари учун узр ҳам сўраган:
"PS: Aгар бу гапларим билан мен ҳам UzAutoMotors`нинг “обрўсига путур етказиб, уларнинг пахтадек юмшоқ кўнглига озор берган бўлсам”, илтимос овора бўлиб шикоят юбориб юришмасин. Ўзим олдиндан узр сўраб қўя қоламан".
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Монополияга қарши курашиш қўмитасининг UzAutoMotors АЖнинг нарх белгилаши бўйича бошланган текширувларда компания хатти-ҳаракатларида қонунбузилиш аломатлари аниқлангани ҳақида хабар берганди.
Бунинг ортидан компания депутатни популизмда айблаб, унинг айтганларини ёлғон ва сафсатага тенглаштирди.
LiveБарчаси