“UzAutoMotors” АЖни тўхтатишнинг битта йўли бор – МҚКҚ
Жамият
−
07 Декабрь 2020
25982Ўзбекистонда “UzAutoMotors” АЖ монополиясига ва нархларнинг асоссиз оширилишига барҳам беришнинг ягона йўли божхона ставкаларини пасайтириш. Бу ҳақда бугун, 7 декабрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримов матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Дастлаб, қўмита раиси ўринбосари Бекзод Умматов монопол компания билан давом этаётган суд иши бўйича тўхталиб, ташкилот ўз ҳисоб-китобларига ишонишини маълум қилди. У шунингдек, суд қарори устидан берилган апелляция расмиятчилик учун қилинаётганини таъкидлади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиснинг биринчи ўринбосари Бобир Каримов ҳам “UzAutoMotors” билан боғлиқ ҳолатга қўшимча қилиб, бу масалани таг-туги билан тўхтатишнинг ягона йўлини айтди.
“UzAutoMotors” билан боғлиқ ҳолатни тўхтатишнинг битта йўли бор — кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтириш. Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди.
Агар шу нарса ҳал бўлмаса, “UzAutoMotors” ишини ҳар йили кўриб чиқишимиз, судда ютишимиз ҳам мумкин. Бироқ бу натижа бермайди, бунинг давоси — бозорда рақобатни пайдо қилиш”, дея қўшимча қилди Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиснинг биринчи ўринбосари Бобир Каримов.
Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримовнинг айтганларидан келиб чиқсак, “UzAutoMotors” АЖни тўхтатиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов раҳбарлигидаги Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида қоляпти. Негаки божларни белгилаш вазирлик ҳузуридаги Тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгаши ваколати ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 декабрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва “UzAutoMotors” акциядорлик жамияти ўртасидаги иш Тошкент шаҳар маъмурий судида қайтадан кўриб чиқилади.
Дастлабки суд жараёнида Монополияга қарши курашиш қўмитаси “UzAutoMotors”га ютқизганди. Суд монополист компания фойдасига қарор чиқарганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15