“Деворнинг бир қисми синиб, қиз пастга тушиб кетди”. Олмалиқдаги воқеа қандай содир бўлди?
3-саҳифа
−
05 Июнь
16802Кеча, 4 июнь куни Олмалиқ шаҳрида 16 қаватли бинонинг томидан 19 ёшли қиз ўзини ташлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Воқеани ўрганиш мақсадида QALAMPIR.UZ тезкор жамоаси воқеа жойига етиб борди.
Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа кеча, 4 июнь куни соат 16:00 лар атрофида Олмалиқ шаҳар "Увайсий" МФЙдаги 45-кўп қаватли уйда содир бўлган. 19 ёшли қиз ўзини шу уйнинг томидан ташлаб, жонига қасд қилган. Аслида у бу кўп қаватли уйдан тахминан 4 км узоқликдаги Абу Али Ибн Сино маҳалласида истиқомат қилган.
Воқеа жойи кўздан кечирилганда кўп қаватли уйнинг 16-қавати томга чиқиш эшигининг қулфи бузилгани аниқланган. Берилган маълумотларга кўра, шу вақтгача бу эшик доим ёпиқ турган. Эшикни ким, нима мақсадда очгани эса номаълум.
Шу уйда яшаган ва воқеага гувоҳ бўлганлар ҳолат қандай содир бўлгани ҳақида гапиришни истамади. Лекин Олмалиқ шаҳар маҳалла уюшмаси раҳбари Улуғбек Рўзимбетовнинг QALAMPIR.UZ'га айтишича, қизнинг ўз жонига қасд қилиши ортидан турли гап-сўзлар болалаган. 19 ёшли марҳуманинг ўлими сабаблари ўрганилаётган бир вақтда, уни ҳомиладор эканини айтиб гап тарқатаётганлар ҳам бор.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода қизни ҳомиладор экани айтилди. Бу бўлмаган гап. У қиз ҳали турмушга чиқмаган ва экспертиза унинг ҳомиладор эканини айтмади. Ҳали у нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани ёки бошқа сабаблар очиқлангани йўқ. Видеони тармоқда тарқатиб, қизнинг номини қора қилишяпти ва бу нотўғри”, дейди Олмалиқ шаҳар маҳалла уюшмаси раҳбари Улуғбек Рўзимбетов.
Рўзимбетов маҳаллий аҳолидан турли тахминлар қилмасликни сўраб, марҳуманинг шаънини булғашга уринган аёл қидирилаётганини айтди.
Воқеага кўзи билан гувоҳ бўлган, марҳума кўп қаватли уйнинг тепасида турган вақтида у билан гаплашган “Увайсий” МФЙ раисининг айтишича, у бир неча маротаба қиздан бу ишни қилмаслигини сўраган.
“Мен идорада эдим. ФВВ ходимлари қўнғироқ қилиб ҳолатни айтишди. Тезлик билан воқеа жойига етиб бордим. Уйнинг томига чиққанимда қиз том четида турганди. Унга нима учун бу ишни қилмоқчи экани, нима муаммоси борлигини айтиб, орқага тушишини илтимос қилдим. Қиз ҳеч нарса демади. Фақатгина яқинлашмаслигимизни сўради. Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, қизнинг оёғини тагидаги деворнинг бир қисми синиб, қиз пастга тушиб кетди. Менинг кўрганим шу”, дейди маҳалла раиси.
QALAMPIR.UZ тезкор жамоаси воқеа сабабларини ўрганиш мақсадида қиз истиқомат қилган Абу Али Ибн Сино маҳалласига борди. Марҳуманинг оила аъзолари ва уни таниган яқинлари бу ҳолатга изоҳ беришни исташмади. Марҳума ва унинг оиласини узоқ йиллардан буён танийдиган ва бу оила ҳақида яхши биладиган “Абу Али Ибн Сино” МФЙ раиси Бахтиёр Ортиқовнинг айтишича, қиз хусусий университет талабаси бўлган ва шу вақтгача унинг ортидан ёмон гап эшитмаган.
“Қизнинг оиласи жуда яхши, намунали оилалардан бири. Ота-онаси ишлайди. Ўзи хусусий университетда талаба эди. Ўзи ҳам жудаям яхши қиз эди. Шу вақтгача оилада бирор жанжал содир бўлганини эшитмагандик. Онаси ҳам ўзлари яшайдиган уйда “дом ком” эди. Тўғриси, нега бунақа бўлганига ҳайронмиз”, дейди маҳалла раиси.
Олмалиқ шаҳар прокурори вазифасини вақтинча бажарувчи Жамшид Эргашевнинг маълум қилишича, айни вақтда ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Таъкидланишича, ҳозирда қизнинг ўз жонига қасд қилиш сабабларини аниқлаш мақсадида Олмалиқ шаҳар прокуратураси томонидан терговга кадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Воқеанинг тўлиқ тафсилотини QALAMPIR.UZ'да кузатиб боринг.
LiveБарчаси