Ўйин ичида ўйин: Туркия “Толибон”га бош эгиб, Афғонистондан чиқадими?

Интервью

image

Айни вақтда АҚШ ва НАТО кучларининг Афғонистонни тарк этиши билан боғлиқ жараёнлар давом этмоқда. Ҳозиргача Италия, Германия ва Австралия кучлари мамлакатни тўлиқ тарк этди. АҚШ эса сентябрь ойигача афғон диёридан чиқишни ваъда қилмоқда. НАТО соясида Афғонистонга кирган турк аскарлари-чи? Шов-шувли баёнотларга қараганда, Туркия Кобулдан чиқмоқчи эмас. 

Кеча, 16 июль Тошкентда ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган Туркия ташқи сиёсат институти директори, академик, профессор, сиёсий фанлар доктори Ҳусайин Бағчи QALAMPIR.UZ’га Туркиянинг Афғонистон билан боғлиқ келгусидаги режалари ва “Толибон”нинг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонга таъсири хусусида интервью берди

Унинг қайд этишича, “Туркия Афғонистонда НАТО билан бирга ҳаракат қилаётган эди. Шунинг учун НАТО ва АҚШ Қуролли Кучларининг Афғонистондан чиқиши ортидан, албатта, Туркия ҳам Афғонистондан чиқишга мажбур бўлади”. 

QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайховнинг “Туркия чиқармикан?!”, деган истеҳзоли саволига сиёсатшунос шундай жавоб берди: 

“Бундан қочиб бўлмайди. “Толибон” вакилининг энг охирги интервьюсида барча хорижий кучларнинг Афғонистондан чиқиши кераклиги айтилди. Шуни ҳам унутмаслик керак, Қобул аэропорти турклар томонидан қўриқланмоқда ва фойдаланилмоқда. Аэропортда 500 га яқин турк аскари бор. Булар албатта, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан музокаралар давомида гаплашиб, келишиладиган масалалар. Бугунгача бўлган учрашувларда бу масалалар билан боғлиқ ҳеч қандай натижага эришилмади. Ўйлашимча, “Толибон”нинг хоҳиши шуки, бошқалар қатори Туркия ҳам Афғонистондан бутунлай чиқсин, кейин бу масалаларда ўзаро шартнома қилиниши мумкин”.   

Академик Ҳусайин Бағчи сўзида давом этаркан, “Толибон”, АҚШ ва Афғонистон ўртасида Доҳада ўтказилган учрашувларда яраштирувчи ролини ўйнаганини урғулади. 

“Туркия бу масалада (Қобул аэропорти хусусида – таҳр.) ҳам АҚШ ва НАТО аъзолари билан аллақачон бир келишувга эришди. НАТО йиғилишида ҳурматли Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Қобул аэропортини Туркия ишлатиши ва қўриқлаши борасидаги таклифи қабул қилинди.

Бу, албатта, сиёсий бир ёндашув ёки Туркия ва Афғонистон орасидаги шахсий муносабатлар натижаси бўлиши мумкин. Чунки Туркия, Афғонистон ва Покистон икки ҳамда уч томонлама мулоқотлар олиб бориб келмоқда. Бундан ташқари, Туркия Доҳада ўтказилган учрашувларда АҚШ ва Афғонистон орасида холис яраштирувчи ролини ўйнаган мамлакат эди”.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Расмий Кобул ҳаракат тарафдорларига қарши қарши ҳужумларни режалаштирмоқда.

Туркия АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этиши фонида Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлашни ўз зиммасига олишга тайёрлигини билдириши ортидан “Толибон” ҳаракати расмий Анқарани огоҳлантирди. Ҳаракат Туркия Афғонистонга қўшин жойлаштириши мумкин эмаслигини таъкидламоқда.

“Dawn” нашрининг “Толибон” баёнотига таяниб хабар беришича, Туркиянинг бундай қарори “шошқалоқлик” ва мамлакат “суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузади” ҳамда унинг миллий манфаатларига ҳам зид.

“Туркия ҳукуматининг Қўшма Штатларнинг илтимосига ва қарорига биноан мамлакатимизга қарши тажовузни давом эттириш тўғрисида эълон қилиши бизда нафрат ва адоватни келтириб чиқаради ҳамда икки томонлама муносабатларга путур этказади”, дейилади ҳаракат баёнотида.

"Толибон" раҳбарлари “Aфғонистонда хорижий кучларнинг борлиги, мамлакат номидан қатъи назар, тажовузкорлик эканлигини ва узурпаторларга 1500 афғонистонлик олимлар берган фатво асосида муомала қилинишини” таъкидладилар.

Тошкентдаги йирик конференцияда иштирок этган Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли эса Туркия ҳамон Қобул аэропортини қўриқлаш ва бошқаришга тайёрлигини баён қилиб, шундай деди

“Евроосиёда ҳақиқий тинчликка йўл Aфғонистон орқали ўтади. Туркия ушбу мамлакатдаги тинчлик жараёнига ўз ҳиссасини қўшишда давом этади. Aнқара Қобулдаги биродар афғон халқи манфаатларига жавоб берадиган Ҳамид Карзай номидаги халқаро аэропортда хавфсизликни таъминлашда ва бошқаришда давом этишга тайёр”.

Ражаб Тойиб Эрдўған эса 15 июль куни ТРТ телеканали орқали чиқишида, Туркия Сурия, Ливия ва Қорабоғда нима қилган бўлса, Афғонистонда ҳам шуни қилишини урғулаб, турк халқи самимият билан мазлумлар олдида бўлишини таъкидлади

Туркия ташқи сиёсат институти директори, академик, профессор, сиёсий фанлар доктори Ҳусайин Бағчи билан геосиёсий жиҳатдан муҳим суҳбатни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ҳусайин Бағчи

Баҳолаганлар

249

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг