Туркия ҳарбийлари Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлашга тайёр — Чавушўғли

Олам 2681
image

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли машҳур Ипак йўлида жойлашган мамлакатларни ҳамкорликни чуқурлаштиришга, шу жумладан замонавий транспорт коридорларини яратиш каби қадамлар қўйишга чақирди. Бу ҳақда у “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда айтиб ўтди.

“Ипак йўли асрлар давомида мамлакатларимиз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Замонавий Ипак йўлини ривожлантириш вақти келди”, деган Туркия ТИВ раҳбари.

Чавушўғли, мамлакатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари таҳликалар ва таҳдидларни бартараф этишни яқинлаштиришини таъкидлади.

“Туркия Aфғонистон, Озарбайжон, Грузия, Эрон, Покистон ва Туркияни ўз ичига олган уч томонлама мулоқот механизмларини илгари суриш орқали минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда. Туркий Кенгаш минтақавий ҳамкорликнинг истиқболли моделига айланди”, деган Мавлуд Чавушўғли.

Вазир асосий эътиборни Aфғонистондаги зиддиятларнинг кучайиши оқибатида минтақа хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлганига қаратган.

“Евроосиёда ҳақиқий тинчликка йўл Aфғонистон орқали ўтади. Туркия ушбу мамлакатдаги тинчлик жараёнига ўз ҳиссасини қўшишда давом этади. Aнқара Кобулдаги биродар афғон халқи манфаатларига жавоб берадиган Ҳамид Карзай номидаги халқаро аэропортда хавфсизликни таъминлашда ва бошқаришда давом этишга тайёр”, деган Чавушўғли.

Аввалроқ, “Толибон” ҳаракати барча хорижий давлатлар қўшинлари Афғонистонни тарк этиши кераклигини эслатиб, расмий Анқара ҳам ўз ҳарбийларини олиб кетиши кераклигини таъкидлаганди.

Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 6 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 90 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Расмий Кобул ҳаракат тарафдорларига қарши қарши ҳужумларни режалаштирмоқда.

Туркия АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этиши фонида Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлашни ўз зиммасига олишга тайёрлигини билдириши ортидан “Толибон” ҳаракати расмий Анқарани огоҳлантирди. Ҳаракат Туркия Афғонистонга қўшин жойлаштириши мумкин эмаслигини таъкидламоқда.

“Dawn” нашрининг “Толибон” баёнотига таяниб хабар беришича, Туркиянинг бундай қарори “шошқалоқлик” ва мамлакат “суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузади” ҳамда унинг миллий манфаатларига ҳам зид.

“Туркия ҳукуматининг Қўшма Штатларнинг илтимосига ва қарорига биноан мамлакатимизга қарши тажовузни давом эттириш тўғрисида эълон қилиши бизда нафрат ва адоватни келтириб чиқаради ҳамда икки томонлама муносабатларга путур этказади”, дейилади ҳаракат баёнотида.

"Толибон" раҳбарлари “Aфғонистонда хорижий кучларнинг борлиги, мамлакат номидан қатъи назар, тажовузкорлик эканлигини ва узурпаторларга 1500 афғонистонлик олимлар берган фатво асосида муомала қилинишини” таъкидладилар.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 35
Рейтинг: 2.8
t
×