Ўзбекистон 5 йилдан бери қидираётган аёл Туркияда ушланди

3-саҳифа

image

Одам савдоси бўйича қидирувда бўлган аёл Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Туркия Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида қидирув тадбирлари амалга оширилган. Самарали ҳамкорлик натижасида 2021 йилдан бери одам савдоси билан шуғуллангани учун қидирувда бўлган аёл қўлга олинган ва Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Тергов ҳужжатларига кўра, ушбу аёл юқори маош ваъдаси билан қизларни алдаб Туркияга олиб борган, у ерда эса уларнинг фуқаролик паспортларини тортиб олиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.

1991 йилда туғилган ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган. Олиб борилган тезкор чоралар натижасида унинг Истанбул шаҳрида яшириниб юргани аниқланган. Мазкур шахс Туркия ҳудудида қўлга олиниб, жорий йилнинг 18 ноябр куни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилинган.

“Икки давлатнинг Интерпол миллий марказий бюролари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилган тезкор ҳаракатлар мазкур қўшма фаолиятнинг самарали амалга оширилишига хизмат қилди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, жорий йилдан Ўзбекистонда одам савдоси учун белгиланган жазо чоралари кучайтирилган. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бундай жиноят учун 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 10 нафардан ортиқ ўзбекистонликнинг маблағларини ўзлаштириб кетганликда айбланиб қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Туркияда қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия Одам савдоси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг