Олмазорда икки кундан бери “свет” йўқ
Жамият
−
25 Март 2023
11997Кеча, 24 март куни эрталаб Тошкент шаҳар Олмазор туманида юқори кучланишли электр узатиш тармоғида носозлик юзага келиб, ўнлаб маҳаллаларда "свет" ўчди ва бугун соат 21:00 га қадар минглаб хонадонлар чироқсиз қолмоқда. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (ҲЭТ) ҳолатга муносабат билдириб, тез орада носозлик бартараф этилишини маълум қилди. Бироқ икки кун ўтдики, ҲЭТ аҳолини электр токи билан таъминлай олмаяпти.
QALAMPIR.UZ мухбири ҳолатга аниқлик киритиш учун ҲЭТ матбуот котиби Фахриддин Нуралиев билан боғланди.
“Айни пайтда трансформатор алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бугун соат 00:00 гача мазкур жараён якунланиши режалаштириилган. Шу кеча-кундузда қўшимча автотранспорт воситалари ва қўшимча ишчи кучи жалб қилинди. Иккита янги трансформатор олиб келинди. Уларнинг эскисини жойидан ечиш, янгисини ўрнатиш ва улаш ишлари олиб борилмоқда, бу эса ўзига яраша вақт талаб этади”, дейди Нуралиев.
Шунингдек ҲЭТ вакили кун охиригача ишлар якунланмай қолиши, яна кутилмаган муаммо туғилиб қолиши мумкинлигини истисно этмади. Аммо барча куч воситалари ишга сафарбар қилинганини алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, “Сағбон” подстансиясидаги мавжуд кучланиши 25 000 киловатли электр қурилмасида фавқулодда носозлик юзага келиб, Олмазор туманидаги “Аҳил”, “Пахта”, “Янги Тошкент”, “Беруний”, “Шодиёна”, “Истиқбол”, “Олтинсой”, “Бўстанобод”, “Тепа Гузар”, “Ғалаба”, “Табассум”, “Ислом ота” ҳамда “Чуқурсой” маҳаллалари ҳудудларида электр таминотида узилиш содир бўлган эди.
LiveБарчаси