Ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг чораси бор ёхуд санкция остидаги Лавров Европага қандай кирди?
Олам
−
30 Ноябрь 2023
25017Еврокомиссия Европа Иттифоқи (ЕИ) давлатларининг Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров самолётининг ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши учун Шимолий Македонияга учишига рухсат беришини санкцияларни бузиш деб ҳисобламайди. Бу ҳақда Еврокомиссия вакили Адальберт Янс брифингда маълум қилди.
“Биламизки, ЕИда Россия самолётлари парвозига тақиқ бор, лекин у истисноларнинг жуда қисқа рўйхатини ўз ичига олади ва ЕИга аъзо давлатлар бу истисноларни қўллашлари мумкин. Улар, шунингдек, Европа Комиссияси олдида уни ёки бошқа мамлакатларни истиснолар қўлланилиши ҳақида хабардор қилиш мажбуриятига эга эмаслар. Бу бугунги кунда мавжуд бўлган ҳуқуқий нормалар”, дея тушунтирди у.
Унинг қайд этишича, санкциялардан истисно сабаблари рўйхатига инсонпарварлик ва бошқа сабаблар ҳам киритилган
Еврокомиссия журналистларнинг Европа Иттифоқи давлатлари нима учун Россия Ташқи ишлар вазири ва унинг делегацияси самолёти Шимолий Македонияга Европа Иттифоқи санкцияларини бузган ҳолда киришига рухсат бергани ҳақидаги саволларга шундай жавоб берди.
Худди шундай тушунтиришни 27 ноябрь куни Европа Иттифоқи ташқи сиёсати вакили Петер Стано тақдим этганди.
“Мамлакатлар Россия самолётининг [Европа Иттифоқи] ҳудуди устидан учишига рухсат беришга қарор қилсалар ёки Шимолий Македония расмийлари Лавровнинг шахсий иштирокига рухсат беришса, биз бунга қарши бўлмаймиз. Бу санкцияларни бузиш бўлмайди”, деган у.
Станонинг тушунтиришича, Россия ТИВ раҳбари санкция остида бўлса-да, ҳар қандай санкциялардан истиснолар бор, айниқса, БМТ ёки ЕХҲТ каби кўп томонлама платформалар ишида расмийларнинг иштироки ҳақида гап кетганда.
“Ҳатто санкциялар остида бўлганлар ҳам Европа Иттифоқи мамлакатларига келиши мумкин, агар уларнинг сафарлари мақсади санкциялар рўйхатига киритилгани сабаблари билан боғлиқ бўлса”, дейди Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати вакили.
Маълумот учун, Европа Иттифоқи Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровни 2022 йилда санкциялар рўйхатига киритган эди.
Лавров Европада
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашида иштирок этиш учун бугун, 30 ноябрь куни Шимолий Македония пойтахти Скопье шаҳрига келди.
Вазирлар самолёти маршрутининг узунлиги тахминан 4 минг кмни ташкил этди, саёҳат беш соатдан кўпроқ вақтни олди. Лавровнинг самолёти Шимолий Македонияга йўл олишда Туркия, шунингдек, Греция устидан учиб ўтди, бироқ аввалроқ Болгария орқали йўналиш кутилган эди. ТАСС хабарига кўра, Болгария томони Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг самолёти бортида Россия дипломатик департаментининг расмий вакили Мария Захарова бўлган тақдирда учиб ўтишига рухсат бермаган.
LiveБарчаси