Уларга жазо йўқми? — ИИО ходимлари ваҳшийларча дўппослаб, ўлдирган фуқаронинг рафиқаси
3-саҳифа
−
30 Июль 2021
13319Аввалроқ, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ички ишлар ходимлари фуқаро Ҳасан Хушматовни калтаклангани, бунинг оқибатида у шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ва Олий Мажлис Сенати муносабат билдирди. БП Денов туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104 (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 206-моддалари (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда эса марҳумнинг турмуш ўртоғи экани айтилган аёлнинг видеоси тарқалди. Аёл воқеа қандай бўлганини, эрининг шифохонадаги аҳволини сўзлаб берган.
Аёлнинг сўзларига кўра, эри билан бир-бирини рашк қилиб жанжаллашиб қолган. Бироқ тез орада жуфтлик ўзаро келишиб олиб, ишга кетишган. Кейинроқ эса Ҳасан Хушматовнинг синглиси акасининг турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб, уни ички ишлар ходимлари мажбуран олиб кетганини айтган.
“Кейинроқ менга қайнсинглим қўнғироқ қилди “акамни милиция, қўлига кишан солиб, мажбурлаб олиб кетди”, деди. Мен милицияхонага чопдим. Эримни кўрсатишмади. “Нега олиб келдиларинг, катта жанжал бўлгани йўқ-ку, нега мажбурлаб олиб келдиларинг?” дедим. “Участкавой” рухсат берса кўрасан, дейишди. “Участкавой” Мелиқул акага телефон қилдим, зор йиғладим. Ундан нега мажбуран олиб кетишганиин сўрадим. У “Аралашма, сенинг ишинг бўлмасин, эринг “надзор”да туради”, деди. Нега олиб кетдиларинг, ким рухсат берди деганимда “аралашма”, деб телефонни ўчириб қўйди”, дейди аёл.
У кечгача ИИБ биноси олдида ўтириб, кечки пайт уйга кетган. Эртаси куни ишдалигида эса қайнсинглиси телефон қилиб, турмуш ўртоғи шифохонадалигини айтган.
“Қўлимда болам билан учиб етиб бордим. Борсам, эрим бир аҳволда... Ҳайвонларча урган уни, одам боласи бундай урмайди. Танасининг ўнг томони эзилган, боши ёрилган, лаблари шишган. Эркаклик жойларигача ёриб ташлаган. Одам ҳам шунчалик ваҳшийлик қиладими? Иккита болам билан қаерга бораман? Орган ишида шундай қилсин, деб ўқитмаганку. Бировни ўлдириши мумкинми, уларга жазо йўқми?” дейди аёл зорланиб.
Аёл турмуш ўртоғисиз, икки боласи билан кўчада қолганини айтиб нола қилган. У воқеага 18 кун бўлса ҳам чора кўрилмаётганига норозилик билдирган.
Маълумот учун, Бош прокуратура ички ишлар ходимларининг ўлимга олиб келган ваҳшийлиги бўйича воқеадан 18 кун ўтиб расмий хабар берди. Бироқ жиноят ичи қачон очилганига аниқлик киритмаган.