Сенат Сурхондарёда ИИБ ходимлари фуқарони ўласи қилиб дўппослагани бўйича баъзи тафсилотларни очиқлади
3-саҳифа
−
30 Июль 2021
17213Аввалроқ, жорий йилнинг 29 июль куни Сурхондарё вилояти Денов тумани Оқтом маҳалласида яшаган Ҳасан Хушматов исмли фуқаро ички ишлар органлари ходимлари томонидан мажбурлаб олиб кетилиб, ваҳшийларча қийнаб ўлдирилгани ҳақидаги хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳолатга муносабат билдириб, воқеанинг айрим тафсилотларини очиқлади.
Унга кўра, жорий йилнинг 10 июль куни Денов тумани Охтом маҳалласида фуқаро Ю.Хушматов туман ички ишлар органларига акаси Х.Хушматов яшаш уйида жанжал қилиб тинчлигини бузаётганлиги ҳақида хабар берган.
Туман ИИБ профилактика инспектори С.Пардаев Х.Хушматовнинг яшаш хонадонига ёрдамчилари Х.Шералиев ва Т.Фармонов билан бориб, Х.Хушматовни туман ИИБга ўз бошқарувида бўлган LADA X-RAY русумли автомашинасида олиб келаётганда маст ҳолат бўлган Х.Хушматов фаол қаршилик кўрсатган. Х.Хушматовни тинчлантириш мақсадида профилактика инспектори ёрдамчилари Х.Шералиев ва Т.Фармонов ўз ваколатлари доирасидан чиқиб бир неча марта уриб, тан жароҳати етказган.
Тан жароҳатлари билан касалхонага ёткизилган Х.Хушматов 2021 йилнинг 11 июль куни соат 10:00 ларда Шўрчи туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани прокуратураси томонидан 2021 йил 11 июль куни Х.Шералиев ва Т.Фармоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши қўзғатилган.
Х.Шералиев ва Т.Фармоновга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг 2021 йил 12 июлдаги ажрими билан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Дастлабки тергов давомида марҳум Х.Хушматовнинг ўлимига сабаб бўлган барча ҳолатлар ва алоқадор шахслар атрофлича текширилиб, ҳуқуқий баҳо берилади. Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
“Тергов жараёнлари якуни бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мамлакатимизда қонун бузилиш ҳолатининг ҳар қандай кўринишига муросасиз эканлигини яна бир бор эслатиб ўтади”, дейилади қўмита муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Денов туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104 (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 206-моддалари (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
LiveБарчаси