Украинани қўллаб-қувватлаш хайрия эмас – Финляндия
Олам
−
14 Июль 2023
9006Ғарб давлатлари Украинани қўллаб-қувватлаш хайрия эмаслигини тушуниши керак. Бу ҳақда Финляндия Ташқи ишлар вазири Элина Валтонен бугун, 14 июль куни Британиянинг “Financial Times” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Биз Ғарбда бу хайрия эмаслигини тушунишимиз керак, чунки Украина биз учун курашмоқда. Улар бизнинг эркинлигимиз ва Европа хавфсизлиги архитектураси учун курашмоқда”, дейди Валтонен.
Финляндия вазирининг сўзларига кўра, Ғарб Украина мавзусидан чарчамаган.
“Мен қандайдир чарчоқ бор деб айтмаган бўлардим ва бу ҳеч қачон бўлмайди, деб умид қиламан”, деган Валтонен.
Вазирнинг таъкидлашича, агар НАТО давлатлари Украинага иттифоққа қўшилиш бўйича аниқроқ режа тақдим этган тақдирда ҳам, Киев кутганидек, бу Украина тез орада аъзо бўлишига 100% кафолат бўлмасди. Валтоненнинг эслатишича, иттифоқнинг ўзаро мудофаа бўйича нуқтаси – нима юбориш, қайси ҳажмда, қандай шароитда ёрдам кўрсатиш ҳар доим сиёсий қарор бўлиб қолади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 июль куни Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Twitter'даги саҳифасида НАТО Вильнюсдаги саммитда Киевни альянсга таклиф қилиш муддати бўйича аниқ қарорлар қабул қилмоқчи эмаслигидан норозилигини билдирган, Украина ҳурматга лойиқ экани, ҳамкорларнинг “ноаниқлиги”ни эса заифлик деб билишини айтганди. Шундан сўнг, “The Washington Post” нашри НАТО саммитида иштирок этаётган АҚШ расмийлари Зеленскийнинг баёнотидан ғазабланганини ёзди. Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес эса саммит арафасида бўлиб ўтган НАТО жамоат форумида Ғарб давлатлари тезлаштирилган тартиб остида мамлакатни НАТОга қабул қилишдан бош тортиш қарорларини танқид қилиш ўрнига, Украинадан ҳарбий техника етказиб бергани учун миннатдорлик сўзларини эшитишни хоҳлашини айтди. Саммит якунида ўтказилган матбуот анжуманида эса Зеленский Ғарбга яна қандай қилиб миннатдорлик билдириши мумкинлигини тушунмаслигини ва ҳар куни эрталаб уйғониб, Бен Уоллесга қўнғироқ қилиб, унга миннатдорлик билдиришга тайёрлигини айтди. Бунинг ортидан Украинанинг Лондондаги элчиси Вадим Пристайко Зеленскийнинг Бен Уоллес сўзларига муносабатини “носоғлом киноя” деб атади.
LiveБарчаси