Зеленский Ғарбга бошқача “қуллуқ қилиш”ни билмаслигини айтди
Олам
−
13 Июль 2023
12883Украина Президенти Владимир Зеленский Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллеснинг Киевга қурол ва ҳарбий техника етказиб берилгани учун етарлича раҳмат айтмаётгани ҳақидаги сўзларига муносабат билдирди. Украина Президенти унинг мамлакати Ғарбга яна қандай қилиб миннатдорлик билдириши мумкинлигини тушунмаслигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 12 июль куни Литва пойтахтида бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.
“Мен саволни тушунмаяпман. Биз ҳар доим миннатдор бўлганмиз ва ҳар доим ҳарбий ёрдам учун раҳмат айтамиз. Яна қандай раҳмат айтишни билмайман. Эрталаб туриб вазирга раҳмат айтишимиз мумкин. У менга қандай миннатдорчилик билдиришимни ёзсин, мен сизга шундай раҳмат айтаман”, деган Украина Президенти.
Шунингдек, Владимир Зеленский залда ҳозир бўлган Украина Мудофаа вазири Алексей Резниковдан: “Алексей, Британия Мудофаа вазири билан муносабатларинг ёмонми?”, деб сўраган. Бунга жавобан Мудофаа вазирлиги раҳбари: “Ажойиб”, деган. Зеленскийнинг илтимосига биноан Резников Уоллесга Британиянинг ҳарбий ёрдами учун очиқчасига миннатдорлик билдирган. Шундан сўнг, Украина Президенти Буюк Британия Мудофаа вазирлиги раҳбарига қўнғироқ қилишни ҳам сўраган.
Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси Вадим Пристайко эса Зеленскийнинг Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллеснинг сўзларига муносабатини “носоғлом киноя” деб атаган.
“Президент Зеленский ҳар куни эрталаб уйғониб, Бен Уоллесга қўнғироқ қилиб, унга миннатдорлик билдиришга тайёрлигини айтганида, менимча, жавобда қандайдир киноя бор эди. Менимча, бу соғлом сарказм эмас”, деган Пристайко “Sky News” телеканалига берган интервьюсида.
Элчининг сўзларига кўра, Украина ва Буюк Британия Россияга улар ўртасида келишмовчиликлар борлигини кўрсатмаслиги керак. Шу билан бирга, Пристайко Британия мудофаа вазирига муаммо юзага келса, унга қўнғироқ қилишни ва шахсий суҳбатда ўз норозилигини билдиришни маслаҳат берган.
“Агар бирор нарса юз берса, Бен Уоллес менга қўнғироқ қилиб, хоҳлаганини айтиши мумкин”, деган Украина элчиси.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 июль куни Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Twitter'даги саҳифасида НАТО Вильнюсдаги саммитда Киевни альянсга таклиф қилиш муддати бўйича аниқ қарорлар қабул қилмоқчи эмаслигидан норозилигини билдирган, Украина ҳурматга лойиқ экани, ҳамкорларнинг “ноаниқлиги”ни эса заифлик деб билишини айтганди. Шундан сўнг, “The Washington Post” нашри НАТО саммитида иштирок этаётган АҚШ расмийлари Зеленскийнинг баёнотидан ғазабланганини ёзди. Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес эса саммит арафасида бўлиб ўтган НАТО жамоат форумида Ғарб давлатлари тезлаштирилган тартиб остида мамлакатни НАТОга қабул қилишдан бош тортиш қарорларини танқид қилиш ўрнига, Украинадан ҳарбий техника етказиб бергани учун миннатдорлик сўзларини эшитишни хоҳлашини айтди.
LiveБарчаси