Зеленскийнинг Twitter'даги баёнотлари НАТО саммитидаги АҚШ делегациясини ғазаблантирди
Олам
−
12 Июль 2023
15992Вильнюсдаги НАТО саммитида иштирок этаётган АҚШ расмийлари Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Twitter'даги баёнотидан ғазабланди. Бу ҳақда кеча, 11 июль куни “The Washington Post” нашри хабар берди.
Литва пойтахтида НАТО саммитининг биринчи иш куни якунлангач, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг томонидан якуний баёнот эълон қилинган. Унга кўра, саммит иштирокчилари Украинадан НАТОга аъзо бўлиш бўйича ҳаракат режасини бажаришни талаб қилмасликка қарор қилган, шунингдек, мамлакатга кўп йиллик ҳарбий ёрдам дастурини маъқуллаган. НАТО давлатлари Киевни иттифоққа “барча шартлар бажарилганда” таклиф қилишга ваъда берган, бироқ бунгача Украинадаги уруш тугаши керак. Шундан сўнг, Зеленский НАТО Вильнюсдаги саммитда Киевни альянсга таклиф қилиш муддати бўйича аниқ қарорлар қабул қилмоқчи эмаслигидан норозилигини билдирган. У Украина ҳурматга лойиқ экани, ҳамкорларнинг “ноаниқлиги”ни эса заифлик деб билишини айтган.
Маълум қилинишича, АҚШ делегацияси аъзолари Зеленскийнинг твитидан норози бўлган. Украина етакчисининг Twitter'даги баёнотлари Киев учун ғалаба қозонганини ҳис қилган альянсдаги Украина тарафдорларининг ҳафсаласини пир қилган.
НАТОнинг бир қанча давлатларидан келган дипломатларнинг айтишича, Зеленский твитдан музокаралар воситаси сифатида фойдаланган. Шу орқали Украина раҳбари альянсга иложи борича максимал босим ўтказишга уринган.
Маълумот учун, бугун, 12 июль куни НАТО саммитининг иккинчи куни давом этмоқда. Бунинг доирасида Зеленский бир қанча давлатлар етакчилари билан учрашувлар ўтказмоқда.
LiveБарчаси