Украина Туркия билан Киевда “Bayraktar” ишлаб чиқармоқчи
Олам
−
19 Июль 2022
8656Украина ҳукумати Украинада Туркиянинг “Bayraktar” учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича завод қуришга рухсат берувчи Туркия билан юқори технологиялар, авиация ва космик соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда бугун, 19 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг Олий Рададаги вакили Тарас Мельничук маълум қилди.
“Украина ҳукумати ва Туркия Республикаси ҳукумати ўртасида юқори технологиялар, авиация ва космик саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси маъқулланди. Лойиҳа 03.02.2022 йилда Киевда тузилган битимни парламент ратификациясига тақдим этишни назарда тутади деб ёзган у Ҳукумат мажлисидан сўнг ўз Telegram-каналида.
Ҳукумат мажлисида Украина Бош вазири Денис Шмигал 19 июль куни Вазирлар Маҳкамаси Туркия билан келишувни ратификация қилиш лойиҳасини парламентга юборишини маълум қилган.
“Бугун ҳукумат Олий Радага Украина ва Туркия ўртасида юқори технологиялар, авиация ва космик фаолият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ратификация қилиш лойиҳасини юборади. Бошқа нарсалар қаторида, бу Украинада улуғвор “Bayraktar” дронларини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш заводини қуриш имконини беради”, деган у.
Мельничукнинг қайд этишича, Битим Украина ва Туркиянинг ишлаб чиқариш, илмий-техникавий, юқори технологиялар, авиация ва космик саноат салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, турк компаниялари учун Украина инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасидаги ҳамкорлик мажбуриятлари, шартларини белгилайди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 3 февраль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Киевга ташриф буюрди. Унинг ташрифи давомида саккизта давлатлараро ҳужжат имзоланди. Юқори технологиялар, авиация ва космик саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимга қўшимча равишда эркин савдо тўғрисида, ёшлар сиёсати, солиқ соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, стандартлаштириш ва сифат соҳасида ўзаро англашув меморандумлари, божхона соҳаси, шунингдек ваколатли иқтисодий оператор дастурларини ўзаро тан олиш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳукуматлар ўртасидаги баённома имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор оиласига тегишли “Baykar Makina” компанияси ўтган ой Украинага 3 та Bayraktar TB2 учувчисиз ҳаво кемаларини совға қилди. Шунингдек, "Baykar Makina" компания бош директори Ҳалук Байроқдор 18 июль куни CNN телеканалига берган интервьюсида "Baykar Makina" компанияси ҳеч қачон Россияга ўзининг жанговар учувчисиз самолётларини етказиб бермагани ва бундан кейин ҳам Украинани қўллаб-қувватлашини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь