“Bayraktar” муаллифи Россиядан юз ўгириб, Украинани қўллашини айтди
Олам
−
19 Июль 2022
19284Туркиянинг "Baykar Makina" компанияси ҳеч қачон Россияга ўзининг жанговар учувчисиз самолётларини етказиб бермаган ва бундан кейин ҳам Украинани қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда кеча, 18 июль куни CNN телеканалига берган интервьюсида компания бош директори Ҳалук Байроқдор маълум қилди.
"Биз уларга ҳеч нарса етказиб бермадик ёки таъминот бўлмади. Шунингдек (келажакда) ҳам бундай ниятимиз йўқ. Чунки биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз", дейди компания бош директори.
Унинг сўзларига кўра, Анқаранинг Киев билан алоқалари “стратегик даражада”, хусусан, мудофаа ва аэрокосмик саноатда. Туркия Украинани дронлар билан қўллаб-қувватлайди ва ўзи у ердаги қурилмалари учун двигателлар сотиб олади. Шу тариқа муносабатлар ҳар икки давлат учун ҳам манфаатли бўлади.
Маълумот учун, сўнгги йилларда Туркия нафақат ўз қуролли кучлари эҳтиёжларини қондириш, балки экспорт учун ҳам жанговар учувчисиз самолётлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Айни пайтда Туркиянинг “Bayraktar TB-2” учувчисиз учоқларини олтита давлат ишлатмоқда: Озарбайжон, Қатар, Ливия, Марокаш, Польша ва Украина. Бундай турдаги дронлардан Тоғли Қорабоғ, Сурия ва Ливиядаги жанговар ҳаракатларда фойдаланилган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор оиласига тегишли “Baykar Makina” компанияси ўтган ой Украинага 3 та Bayraktar TB2 учувчисиз ҳаво кемаларини совға қилди.
Жорий йилнинг 22 июнь куни украиналик телебошловчи ва актёр Сергей Притула ижтимоий тармоқлар орқали украин халқига мурожаат қилиб, мамлакат мудофаасига ҳисса қўшиш мақсадида "Bayraktar TB2" ҳарбий дронларини сотиб олиш учун хайрия акцияси ташкил этилганини эълон қилган эди. Уч кун ичида ушбу хайрияга минглаб одамлар қўшилиб, 600 миллион гривна (20 миллион АҚШ доллари) маблағ йиғилди.
Украиналикларнинг ҳамжиҳатлигидан қувонган Селчук Байроқдор эса "Bayraktar TB2" дронларини Киевга беғараз тақдим этишини маълум қилди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15