Украина Россиянинг иккита компаниясига қарши санкциялар киритди 

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг иккита компаниясига қарши санкциялар киритиш бўйича фармон имзолади. Фармон матни давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.  

"Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг 2021 йил 15 апрелдаги "Шахсий махсус иқтисодий ва бошқа чеклов чораларини - санкцияларни қўллаш тўғрисида"ги қарори кучга кирсин", дейилган матнда. 

Санкциялар Россиянинг "Дорлидер" ва "Гранит-001" МЧЖ компанияларига уч йил муддатга киритилган. 

Маълумот ўрнида, Зеленский Ғарб давлатлари Россияга нисбатан қаттиқроқ чеклов чораларини жорий этишга тайёрлигини эълон қилганди. Зеленский Киев "қўрқмаслигини", чунки у халқаро шериклар, шу жумладан Америка Қўшма Штатлари, Франция, Германия, Буюк Британия, Туркия ҳамда Европа Кенгаши ва НАТО томонидан кучли тарзда қўллаб-қувватланилаётганини таъкидлаган. 

Аввалроқ, Зеленский россиялик ҳамкасби Владимир Путинни Донбассда учрашишга таклиф қилгани ҳақида хабар бергандик. 

Жорий йилнинг март ойида Донбассдаги вазият яна кескинлаша бошлади. Бунга Украинанинг НАТОга қўшилиш томон қилган ҳаракатлари сабаб бўлгани айтилмоқда. 

Украина ҳам, Россия ҳам ушбу минтақага чегарадош бўлган ўзининг ҳудудига ҳарбий кучларини тўпламоқда. Бундан ташқари, Украина раҳбари Зеленский ҳарбий туташув чизиғига бориб, мудофаанинг энг олди позицияларида хизмат вазифасини ўтаётган ҳарбийлар билан суҳбатда бўлиб, уларга мукофотлар топширган. 

Ўз навбатида Россия Украинанинг НАТОга қўшилиши Донбассдаги можарони ҳал қилмаслигини таъкидлаган. Бошқача позиция тутган давлатлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Туркия ва АҚШ Украинанинг ушбу ҳарбий блокка қўшилишини ёқламоқда. 

Кейинчалик, Германия канцлери Ангела Меркель, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Украина Президенти Владимир Зеленский Россия қўшинларини Украина чегараларидан олиб чиқишга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина

Баҳолаганлар

146

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг