Украина Россия ҳудудига биринчи марта Британиянинг Storm Shadow ракеталарини учирди – ОАВ
Олам
−
20 Ноябрь
13263Украина Россиядаги нишонларга зарба бериш учун биринчи марта Британиянинг узоқ масофали Storm Shadow ракеталаридан фойдаланди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, "The Guardian" ва "Bloomberg" хабар берди.
Британия Бош вазири Кир Стармернинг матбуот котиби бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортди.
"The Telegraph" нашрининг аниқлик киритишича, Курск вилоятидаги Марьино қишлоғи аҳолиси Storm Shadow ракетаси парчаларини аниқлаган.
Storm Shadow'нинг тахминий вайроналари фотосуратлари, хусусан, Россиянинг уруш тарафдори бўлган "Два майора" Telegram-канали томонидан ҳам эълон қилинди.
Бугун, 20 ноябрь куни тушдан кейин Курск вилояти губернатори Алексей Смирнов ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг иккита ракетасини уриб туширганини маълум қилди. У ракеталар турига аниқлик киритмади. "Два майора" Telegram-канали эса Украина Қуролли кучлари Курск вилояти йўналиши бўйича 12 тагача Storm Shadow ракеталарини отганини даъво қилди.
Украинанинг "Defense Express" нашрининг ёзишича, Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги Барятинский князларининг тарихий мулки томон Storm Shadow ракеталарини отган. Ҳозирда бу мулк Россия Президенти маъмурияти учун санаторий ҳисобланади. "Defense Express" у ерда чуқурлаштирилган қўмондонлик пункти бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда, ундан Курск вилоятидаги рус қўшинлари гуруҳи қўмондонлиги ва Шимолий Корея генераллари фойдаланиши мумкин.
Бугун, 20 ноябрь куни чоп этилган "The Times" газетасининг ёзишича, Буюк Британия ҳукуматидаги юқори мартабали манбалар Украинанинг Россияга зарба бериш учун Британиянинг узоқ масофали Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига оид АҚШ чекловлари олиб ташланганига “ишора қилган”.
Кеча, 19 ноябрь куни эрталаб Украина Қуролли кучлари Бош штаби Брянск вилоятидаги қурол-яроғ омборига ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берди. Кейинроқ “РБК-Украина” нашри Украина армиясидаги манбасига таяниб, ҳужум Карачев шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига ATACMS ракеталари ёрдамида амалга оширилганини маълум қилди. Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари Россиядаги нишонларга нисбатан биринчи марта узоқ масофали Америка ракеталарини қўллаган.
Кўп ўтмай, Россия Мудофаа вазирлиги 19 ноябрга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари Брянск вилоятидаги ҳарбий объектга олтита узоқ масофали ATACMS ракеталари билан ҳужум қилганини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, Америка матбуоти 17 ноябрь куни Жо Байден маъмурияти Украинага Россиядаги нишонларга қарши ATACMS ракеталарини қўллашга рухсат бергани ҳақида хабар берганди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги агар Украина Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланса, Москванинг жавоби адекват ва аниқ бўлишини билдирди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь