Украина расман НАТОнинг Кибер марказига қўшилди
Олам
−
16 Май 2023
7147Украина бугун, 16 май куни расмий равишда НАТОнинг киберхавфсизлик соҳасидаги марказига аъзо бўлди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Twitter'даги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, кибермарказнинг вазифаси НАТОга аъзо мамлакатлар ва уларнинг рақамли ҳимоя соҳасидаги шериклари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
“Бугун Таллиндаги НАТО киберҳимоя марказининг қароргоҳида Украина байроғи расмий тарзда кўтарилиб, унинг Кибер марказга аъзолиги белгиланди”, дейилади Украина Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.
“The Washington Post” нашри шу йилнинг 15 май куни берган хабарига кўра, НАТО давлатлари июль ойида бўлиб ўтадиган Вильнюс саммитида Украинага расмий равишда мазкур блокка аъзо бўлиш таклифини юбормасликка қарор қилган.
Нашр хабарида айтилишича, Шимолий Атлантика альянси аъзолари Киев билан ҳамкорликни кучайтириш ва унинг ташкилотга кириш муддатларини белгилаш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бироқ НАТОнинг баъзи аъзо давлатлари унинг ташкилотга қўшилишини истамаяпти. Боиси, бу қарор Киевга қилинган қуролли ҳужумга жамоавий тарзда жавоб қайтариш мажбуриятини юклайди. Бу эса Россияга қарши тўғридан-тўғри ҳарбий низога қўшилиш дегани.
Эслатиб ўтамиз, Украина 2022 йилнинг сентябрь ойида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширишини маълум қилганди.