Украина НАТО аъзолиги ўрнини босувчи кафолатларни рад этди
Олам
−
03 Декабрь
3082Киевдаги ҳукумат НАТО-Украина кенгашининг Брюсселдаги йиғилиши очилиши олдидан Шимолий Атлантика альянсидаги тўлиқ аъзоликдан ташқари ҳар қандай хавфсизлик кафолатларини рад этди. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 3 декабрь куни баёнот берди.
“Ишончимиз комилки, Украина хавфсизлигининг ягона ҳақиқий кафолати, шунингдек, Россиянинг Украинага ва бошқа давлатларга нисбатан кейинги ҳаракатларини тўхтатувчи омил Украинанинг НАТОга тўлақонли аъзо бўлишидир”, дейилади ҳужжатда.
Баёнотга кўра, Украина иттифоққа аъзоликни алмаштирадиган ҳар қандай форматни олдиндан рад этади.
“Будапешт меморандумининг аччиқ тажрибасини ортда қолдирган ҳолда, биз Украинанинг НАТОга тўлақонли аъзолиги учун ҳеч қандай муқобил, ўринбосар ёки ўрнини босувчи воситаларни қабул қилмаймиз”, дейилади ҳужжатда.
Жорий йилнинг 5 декабрь куни Украинанинг Будапешт меморандуми сифатида ҳам танилган “Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисида”ги шартномага қўшилиши муносабати билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги меморандум имзоланганига 30 йил тўлади.
Бу ҳужжат Украинага хавфсизлик, суверенитет ва ҳудудий яхлитлик кафолатларини бериши, эвазига дунёдаги учинчи кучли ядровий арсеналдан воз кечиши керак эди. Меморандум глобал ядровий қуролсизланишни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиши ва бошқа давлатлар учун ядровий қуролдан воз кечиши учун намуна бўлиши керак эди.
Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Будапешт меморандумини имзолаган АҚШ ва Буюк Британияга, унга қўшилган Франция ва Хитойга, “Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисида”ги шартномага аъзо бўлган барча давлатларни ушбу қоидани қўллаб-қувватлашга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Reuters” НАТОга аъзо давлатлар Брюсселда бўлиб ўтадиган иттифоқ мамлакатлари Ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида Украинани ўз сафларига таклиф қилиш бўйича қарор қабул қилиши даргумонлиги ҳақида ёзганди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, НАТОга аъзо 32 давлат ўртасида Украинанинг аъзолиги бўйича қарор қабул қилиш учун зарур бўлган келишув белгиси йўқ. Хусусан, агентлик суҳбатдошларининг таъкидлашича, АҚШ маъмурияти ва Германия ҳукумати ҳозир бунинг учун тўғри вақт эмас, деб ҳисобламоқда.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь