Украина ҳудудини неча йилда миналардан тозалай олиши айтилди

Олам 8322
image
-

Энг оптимистик прогнозларга кўра, Украинага бутун ҳудудини миналардан тозалаш учун 5-7 йил керак бўлади. Бу ҳақда телемарафон эфирида Украина Ички ишлар вазири ўринбосари Мери Акопян маълум қилди, дея ёзмоқда УНИАН.

“Ҳозир ҳисоб-китобларга кўра, 300 минг квадрат километрга яқин ҳудуд ифлосланган. Бу халқаро тажриба мавжуд миқдордан ўн баробар кўп. Фаол жанговар ҳаракатларнинг бир кунида ишлатилган миналарни тозалашга 30 кун кетишидан келиб чиқиб, энг оптимистик прогнозларга кўра, миналардан тозалашни якунлаш учун бизга 5-7 йил керак бўлади”, дейди Мери Акопян.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан буён Украина ҳудудида деярли 114 мингта портловчи объект зарарсизлантирилган бўлиб, улар орасида 2 мингга яқин авиабомбалар бўлган.

Шунингдек, у Украинага бир қанча хорижий жамоалар етиб келганини ва тез орада улар мамлакатнинг турли ҳудудларида ишлай бошлашини таъкидлади.

“Халқаро гуманитар миналардан тозалаш маркази яратилди. Ушбу марказни ташкил этишдан мақсад профессионал, техник ва молиявий ёрдамни жалб қилишдир. 20 га яқин хорижий ташкилотлар аллақачон жавоб берган ва Украинада ишлаш учун сертификатланган”, дейди вазир ўринбосари.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Камронбей Кенжаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 3.2
t
×