Уханда ташлаб кетилган Қозоғистон фуқароси ўзбекистонликлар билан Тошкентга келди
Олам
−
05 Февраль 2020
17952Ўзбекистон Уханда қолиб кетган қозоғистонлик талабани эвакуация қилди. Бу ҳақда талабанинг онаси Sputnik Қозоғистон нашрига маълум қилди.
“Менинг ўғлимни бугун Тошкентга олиб кетишди. У аллақачон учиб кетган, ҳозир йўлда. Уни Ўзбекистон борти олиб кетди. Уни қаерга жойлаштиришлари ҳақида маълумотга эга эмасмиз, асосийси, уни у ердан олиб кетишди. Қолганидан ҳозирча хабаримиз йўқ”, деган талабанинг онаси.
Қайд этилишича, талаба Хитойнинг Ухань шаҳрида қолиб кетган, чунки унинг ватандошларини эвакуация қилишаётганда, унинг ҳарорати кўтарилган. Онасининг сўзларига кўра, у кейинроқ ўзини яхши ҳис қилган ва касаллик аломатлари бўлмаган.
Талаба қозоғистонлик талабалар гуруҳини назорат қилган ва уларга Ухандан кетиш вақтида ёрдам берган. Ватанга қайтганларнинг ота-онаси Президент номига Уханда қолиб кетган талабага ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилишган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон кеча, 4 февраль куни 250 нафар, бугун, 5 февраль куни эса 84 нафар фуқаросини Хитойдан олиб келган эди. Хитойдан олиб келинганлар махсус тиббиёт муассасасига жойлаштирилади ва 14 кун давомида карантинда бўлишади. Уларнинг ота-оналари билан учрашиши тақиқланади.
Қозоғистон жорий йилнинг 2 февраль куни Ухандаги 80 нафар фуқаросини эвакуация қилган эди.