Пекиндан қайтган 250 нафар фуқарода коронавирус аниқланмади
Жамият
−
05 Февраль 2020
6786Аввалроқ, Ўзбекистон 250 нафар фуқаросини коронавирус тарқалган Хитойдан ортга қайтаргани ҳақида хабар берган эдик. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Хитой Халқ Республикасидан чартер рейслар орқали олиб келинадиган фуқаролар тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, бирламчи текширувларда уларнинг ҳеч бирида коронавирус аломатлари аниқланмади.
“Хитойдан олиб келинган ватандошларимиз коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасасига жойлаштирилади”, дейилади агентлик хабарида.
Махсус тайёрланган муассасаларда барча зарур шароитлар яратилган. Жумладан, ўрин-жойлар, озиқ-овқатлар, зарур дори-дармонлар, диагностика, дезинфекция ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Фуқароларнинг барчаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра 14 кун давомида (касалликнинг яширин даври давомида) лаборатория ва тиббий текширувлардан ўтказилади. Мазкур тадбирларга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан соҳанинг еткачи мутахассислари жалб этилган, улар тегишли тартибда касбий тайёргарликдан ўтказилган.
Фуқаролар яқинлари билан телефон орқали аудио-видео мулоқот олиб бориш имкониятига эга бўлишади.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 492 нафарга, у билан касалланганлар сони 24552 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.
LiveБарчаси