Ўзбекистонлик 250 фуқаро Хитойдан олиб келинди
Жамият
−
04 Февраль 2020
12388Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон фуқароларини Хитойнинг Ухан шаҳри ва бошқа ҳудудларидан олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилди. Айни пайтда дастлабки чартер рейс Пекин – Тошкент йўналиши бўйича Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига келиб қўнди.
Чартер рейсга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий текшириш институтининг юқумли касалликлар бўйича тажрибали мутахассис ва эпидемиолог-шифокорлари ҳамроҳлик қилишди. Улар томонидан эвакуация қилинган йўловчилар самолётга чиқиш пайтида дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилди. Лозим бўлганда зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ва парвоз пайтида биологик хавфсизликни таъминлаш учун барча зарур воситалар тақдим этилди.
Хитойдан олиб келинган ўзбекистонликлар коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасасига жойлаштирилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Хитойдан олиб келинадиган фуқаролар икки ҳафта давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланади. Шу давр якунига қадар ҳарорати кўтарилган ёки бошқа касаллик аломатлари юзага келганда зудлик билан алоҳидалаш, махсус лаборатория текширувидан тўлиқ ўтказиш ҳамда даволаш ишларини стандартлар бўйича олиб бориш учун барча зарур чоралар кўрилган. Шу даврда уларнинг оила-аъзолари билан учрашиши тақиқланади. Яқинлари билан фақат махсус телефон алоқаси орқали мулоқот қилиши мумкин бўлади.
Ташкил этилган вақтинча карантин муассасаларида юқумли касалликлар бўйича малакали вирусолог, эпидемиолог ва бошқа етакчи шифокор-мутахассислар иш олиб боришади. Улар хавфли инфекцияларга қарши курашда ташхис қўйиш, даволаш ҳамда карантин тадбирларини ташкиллаштириш тажрибасига эга. Шифокорлар карантин муассасасида белгиланган муддат якунига етгунга қадар фаолият олиб боришади.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь