Қозоғистон Ухандан ўз фуқароларини эвакуация қилди

Олам 3057
image

Қозоғистон ҳукумати ўз фуқароларини Хитойнинг Ухань шаҳридан эвакуация қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг Матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, Қозоғистон фуқаролари бугун, 2 февраль куни ватанга олиб келинган. Парвоз вақтида уларга барча ҳимоя воситалари билан таъминланган, уларга шифокорлар ҳамроҳлик қилишган.

“Қозоғистон Республикаси фуқароларининг саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Фавқулодда тиббиёт миллий мувофиқлаштириш маркази 83 нафар қозоғистонликларни ватанга олиб келди. Улардан 80 нафари Хитойнинг Ухань шаҳрида бўлган талабалардир”, дейилган хабарда.

Олиб келинганларнинг саломатлиги тиббий текширувдан ўтказилгандан кейин улар пойтахт касалхонасининг махсус ажратилган корпусида 14 кунлик карантинга жойлаштирилган.

Қайд этилишича, Қозоғистон Республикаси Президенти номидан Хитойга тиббий буюмлардан иборат 13,6 тонна бўлган гуманитар ёрдам етказиб берилган.

Шунингдек, Қозоғистон Қирғизистон, Беларусь ва Арманистон ҳукуматининг мурожаатига биноан ушбу мамлакат фуқароларини Ухань шаҳридан эвакуация қилган.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.

Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 305 нафарга, у билан касалланганлар сони 14559 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 93
Рейтинг: 3
t
×