Осиёда COVID-19’нинг янги тўлқини пайдо бўлди
Олам
−
16 Май
9535Осиёда COVID-19 билан касалланишнинг янги тўлқини қайд этилди. Хитойнинг Гонконг махсус маъмурий ҳудудида ва Сингапурда коронавирус инфекциясининг кескин ўсиши кузатилмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрга кўра, минтақада вирусни юқтирганлар сони бир неча ой давомида ўсиб бормоқда, бу вақти-вақти билан янги касаллик тўлқинларининг пайдо бўлишига олиб келади. Гонконг ва Сингапур расмийлари яна аҳолини эмлашга чақирмоқда ҳамда хавф остида бўлган одамларга кучайтирувчи эмлашни эслатмоқда.
Жорий йилнинг 13 май куни Гонконг Соғлиқни сақлаш марказининг юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Оу Цзяжун RTHK телеканали эфирида янги коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг “етарлича юқори даражаси” ҳақида огоҳлантирган. Унинг хабар беришича, ўтган ҳафта Гонконгда 2024 йилнинг апрелидан бери энг кўп касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Шифохоналарга ташрифлар ва ётқизишлар сони ўсишда давом этаётгани, шунингдек, оқава сувлардаги вирус даражаси ҳам ошиб бораётгани таъкидланган.
Хабарда келтирилишича, минтақадаги энг йирик молиявий марказлардан бири бўлган Сингапур коронавируснинг янги тўлқинига “тайёр”. Жорий йилнинг май ойида мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги йил давомида биринчи марта COVID-19 билан касалланиш бўйича янгиланган статистикани эълон қилган. Вазирлик маълумотларига кўра, 27 апрелдан 3 майгача бир ҳафта олдингига қараганда 28 фоизга кўпроқ инфекция қайд этилган, шифохонага ётқизилганлар сони ҳам 30 фоизга ошган. Ҳукумат фуқароларга эҳтиёт чораларини кўришни, одамлар кўп бўлган жойларда ниқоб тақишни тавсия қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ маъмурияти COVID-19 лабораториядан келиб чиққани бўйича янги далилларни ўз ичига олган махсус интернет саҳифани ишга туширган эди. Унда Хитойнинг Ухан шаҳридаги лабораторияни асосий манба сифатида кўрсатувчи фикрлар илгари сурилган.
Кейинроқ эса Хитойда COVID-19’ни олдини олиш, назорат қилиш ва келиб чиқишини аниқлашга бағишланган оқ китоб (яъни расмий ҳукумат ҳужжати) эълон қилинди. Ушбу ҳужжатда коронавируснинг табиий манбаи сифатида Ухан шаҳри инкор этилган ва Ухан вирусология лабораториясидан вируснинг сизиб чиқиши “эҳтимолдан йироқ” деб баҳоланган. Ҳужжатда, шунингдек, АҚШда Хитойдан аввал COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари қайд этилгани ҳақидаги кўплаб далиллар келтирилган. Шу асосда Хитой томони вирус келиб чиқишини аниқлаш бўйича кейинги босқичдаги тадқиқотлар АҚШда олиб борилиши лозимлигини таъкидлайди.
LiveБарчаси