Ўқишга киритиб қўйиши эвазига 45 млн сўм олган шахс ушланди
3-саҳифа
−
08 Февраль
4410Навоий вилояти Кармана туманида фуқарони ўқишга киритиб қўйиш ваъдаси билан чув туширган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Билдирилишича, департаментнинг Кармана туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Натижада “Ш.А.” МЧЖ раҳбари бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, уни қўшни Қирғизистон Республикасидаги университетга 2-босқичдан ўқишга киритиб қўйиш ҳамда ўқишини Ўзбекистондаги олий таълим муассасасига кўчириб беришини айтган. Бунинг эвазига эса 2 минг АҚШ доллари ва 20 млн сўм, умумий ҳисобда қарийб 45 миллион сўм сўраган. Айбланувчи ушбу пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилояти Боёвут туманида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан 4 минг доллар ундирмоқчи бўлган шахс ушланганди.
LiveБарчаси