ЎФА Бердиевнинг гаплари юзасидан суриштирув ўтказади

Спорт

image

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) “Насаф” клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг ОКМК ҳамда “Насаф” жамоалари ўртасидаги ўйинидан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Суперлигаси 26-тур доирасида ўтказилган ОКМК ҳамда “Насаф” жамоалари ўйинидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Насаф “ клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг билдирган фикрлари футбол жамоатчилиги орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Чемпионатнинг 26-туригача пешқадамликни сақлаб келаётган қаршиликлар Олмалиқдаги дуррангдан сўнг Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасига турнир жадвалида биринчи ўринни бериб қўйди. Чемпионат якунига келиб бу ҳолатнинг кузатилиши ва якунда “Нефтчи” чемпионликни қўлга киритиши мумкинлиги ҳақида Рўзиқул Бердиев фикр билдирган.

“Нефтчи”нинг қанчалик ҳаракат қилаётганини сизлар ОАВ вакиллари ҳам билиб турибсизлар. “Нефтчи” ушбу вазифани амалга оширса, ортдаги инсонлар қаҳрамон бўлади, шекилли. Менимча, гапимни тушундингиз. Агар “Нефтчи” чемпион бўлса, қаҳрамонларни майдондан излаш керак эмас. Улар майдон ортида бўлади. Бу менинг фикрим”, деган “Насаф” устози.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ва суриштирувларни ўтказади ҳамда унга ҳуқуқий баҳо беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Навбаҳор”нинг собиқ бош мураббийи Сергей Лушан Суперлига 22-тури доирасида “Бухоро”га учралган йирик мағлубиятдан сўнг матбуот анжуманида айрим футболчиларининг ҳаракатлари шубҳали туйилгани ҳақидаги фикрлар юзасидан ЎзПФЛ суриштирув ўтказиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Рўзиқул Бердиев “Насаф”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг