Лушаннинг гаплари ортидан “Навбаҳор”даги вазият текширилади
Спорт
−
26 Сентябрь 13719 3 дақиқа
Аввалроқ, “Навбаҳор” бош мураббийи Сергей Лушан Суперлига 22-тури доирасида “Бухоро”га учралган йирик мағлубиятдан сўнг матбуот анжуманида айрим футболчиларининг ҳаракатлари шубҳали туйилганини айтгани, кейинроқ эса мураббийнинг ўзи лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) Лушаннинг гаплари ортидан “Навбаҳор” клубидаги вазиятни ўрганишни сўраб, Ўзбекистон футбол ассоциациясига мурожаат йўллади.
“Россиялик мутахассиснинг матбуот анжуманида билдирган фикрлари Лига эътиборини тортди. Унда Лушан айрим футболчилар рақиб жамоа фойдаси учун ҳаракат қилганини ва бу каби ҳолатлар тегишли органлар томонидан ўрганиб чиқилиши лозимлигини қайд этган. Бунга қадар ҳам мураббий матбуот анжуманларида бир қатор кескин фикрлар билдирган бўлиб, уларни номма-ном санамаган бўлса-да, ўзининг айрим шогирдларига нисбатан конкрет айбловлари борлигини билдирганди”, дейилади ЎзПФЛ баёнотида.
Шунингдек, ЎзПФЛ “Навбаҳор” клубидаги муҳит соғлом эмасдек таассурот уйғотаёгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтган. Хусусан, клуб мавсумнинг биринчи даврасини кўтаринки руҳда ўтказган бўлса-да, молиявий томондан қийинчиликлар мавжуд экани айтиб ўтилган.
“Айни вақтда ҳам клуб эски қарздорликни бартараф эта олмаган. Шунга қарамай, клуб мавсум бошида хорижий йиғинда иштирок этди ва айрим тажрибали футболчиларни ўз сафига қўшишда давом этди. Лушан томонидан билдирилаётган фикрларнинг ҳақиқатга қанчалик яқин экани, клубдаги вазиятга молиявий ҳолат қанчалик таъсир қилаётгани, футболчилар олдида эҳтимолий қарздорликнинг мавжуд экани уларнинг спорт формаси ҳамда кайфиятига қандай таъсир кўрсатаётгани ва охир-оқибат бу ҳолатлар клуб натижаларида қандай роль ўйнаётгани Лига учун муҳим ҳисобланади”, дейилади ЎзПФЛ баёнотида.
Қайд этилишича, Сергей Лушан томонидан матбуот анжуманида билдирилган фикрлар ички чемпионатнинг спорт яхлитлиги, ундаги соғлом рақобат ва ҳаққоний ўйинлар масаласига нисбатан қатор саволларни келтириб чиқаради. Агар мураббийнинг фикрлари ва ёки унда мавжуд шубҳаларда асос мавжуд бўлса, эндиликда бу фақатгина клубнинг ички иши бўлмайди ва у табиийки, Суперлигадаги соғлом рақобат масаласига путур етказади. Аксинча ҳолат бўлиб, мураббий ўз баёнотлари учун асос топиб бера олмаса, демак у ўз сўзларига қўшимча изоҳ бериши шарт.
“Шуларни инобатга олган ҳолда, “Навбаҳор” клубидаги вазиятни ўрганиш учун Лига Ассоциациянинг Футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекциясига мурожаат қилишни лозим деб топди. Сўнгги бор махсус инспекция шу йилнинг июнь ойида футболчиларни рўйхатдан ўтказиш жараёнидаги қалбаки ҳужжатлар масаласини ўрганиб, масалага тўла ойдинлик киритиб берганди. Умид қиламизки, юқоридаги масала ҳам атрофлича ўрганиб чиқилади ва унинг хулосаси Лига аъзоси бўлган ҳар қандай клуб ва унинг расмийларига огоҳлик бўлиб хизмат қилади”, дейилади ЎзПФЛ мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, “Бухоро” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг, “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи Сергей Лушан истеъфога чиқарилгани ҳақида хабар берилган эди. Унинг бошқарувида “лочинлар” Суперлигада 35 та ўйин ўтказиб, 16 та ғалаба, 9 та дуранг, 10 та мағлубият, Ўзбекистон кубоги доирасидаги баҳсларда эса 8 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та ғалаба (иккитаси пенальтилар серияси бўйича), 1 та дуранг ҳамда 2 та мағлубиятни қайд этган.