UEFA Инфантинони ағдариш учун иш бошлади
Спорт
−
01 август 2201 1 дақиқа
UEFA FIFA президенти Жанни Инфантинога нисбатан ишончсизлик билдириш ташаббуси билан уни лавозимидан четлатмоқчи. Бу ҳақда “The Telegraph” нашри хабар берди.
Манбага кўра, UEFA’га аъзо бўлган барча 55 миллий ассоциация, агар Инфантино ўз ихтиёри билан истеъфога чиқмаса, уни ишончсизлик вотуми орқали лавозимидан четлатиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр. Қайд этилишича, бундай овоз бериш жараёнини бошлаш учун UEFA’нинг камида 43 аъзосининг розилиги етарли ҳисобланади.
Шунингдек, нашрнинг ёзишича, UEFA Инфантинони обрўсизлантириш бўйича алоҳида режани ҳам муҳокама қилмоқда.
Маълумотларга кўра, FIFA’нинг собиқ президенти Зепп Блаттер билан боғлиқ коррупция можаролари даврида Инфантино UEFA’ни FIFA’дан ажратиб чиқиш ва муқобил халқаро футбол ташкилотини тузиш ғоясини яширинча ишлаб чиққан.
Айни вақтда эса UEFA худди шундай ёндашувни Инфантинонинг ўзига нисбатан қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанни Инфантинонинг ўрнига муқобил вариант сифатида кўрилаётган “Пари Сен-Жермен” клуби президенти Носир Ал-Хелайфи FIFA президентлиги учун ўз номзодини қўйиш ниятида эмаслигини маълум қилганди.