У улуғ раҳбар эди – Меҳрибон Алиева қайнотасини хотирлади 

Олам

image

Озарбайжоннинг биринчи вице-президенти – биринчи хоним Меҳрибон Алиева ўзининг Instagram'даги расмий саҳифасида қайнотаси, мамлакатнинг собиқ Президенти Ҳайдар Алиев таваллудининг 98 йиллиги муносабати билан пост қолдирди.  

"Бугун бутун ҳаётини ўз Ватани Озарбайжонга хизмат қилишга бағишлаган буюк шахс Ҳайдар Алиев таваллудининг 98 йиллиги. Ҳайдар Алиев ёнимизда эмас, лекин унинг ғоялари биз билан, яшайди, режалари амалга оширилмоқда. Муҳими, унинг энг эзгу истаги амалга оширилди – Озарбайжон Республикаси Президенти, Олий Бош қўмондон Илҳом Алиев раҳбарлигида 30 йилга яқин босиб олинган ерларимиз озод этилди. Мен улуғ раҳбар Ҳайдар Алиевнинг унутилмас хотирасини ҳурмат қиламан. Мамлакатимизга тинчлик, фаровонлик тилайман", дейилган Озарбайжоннинг биринчи вице-президенти постида. 

Шунингдек, бугун, 10 май куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоним Меҳрибон Алиева буюк раҳбар қабрини зиёрат қилган.

Озарбайжоннинг собиқ Президенти Ҳайдар Алиев мамлакатни 1993 йилдан 2003 йилгача бошқарган. У 2003 йил 12 декабрда вафот этган. Ҳозирда мамлакатга унинг ўғли Илҳом Алиев раҳбарлик қилади.

Маълумот ўрнида, 2020 йил сентябрь ойи охирида Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланди, бу 1988 йилда бошланган можаронинг давоми бўлди. Янги тўқнашув тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келди. 

Сулҳ битимини тузишга бўлган бир неча уринишлардан сўнг, 9 ноябрь куни Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари 10 ноябрдан бошлаб Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди.  

Шартномага мувофиқ, Ағдам вилояти 20 ноябрда, Калбажар вилояти 15 ноябрда, Лочин вилояти 1 декабрда Озарбайжон назорати остига ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Меҳрибон Алиева

Баҳолаганлар

206

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг