Озарбайжон Лочин туманини назоратига олди

Олам 2786
image

Озарбайжон армияси 1 декабрь куни Тоғли Қорабоғдаги Лочин туманига кирди. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Бу Москва, Баку ва Ереван ўртасидаги уч томонлама баёнотга кўра, Озарбайжон назоратига ўтиши керак бўлган сўнгги туман.

Бундан аввалроқ, Калбажар ва Ағдам туманлари расмий Бакуга топширилгани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди.

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.

Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди

Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 47
Рейтинг: 2.9
t
×