Туркманистонда ҳали қуриб битказилмаган шаҳарнинг футбол клуби ташкил этилди

Спорт

image

Туркманистонда қурилаётган Арқадағ шаҳрининг футбол клуби ташкил этилди. Бу ҳақда "ТДХ" давлат ахборот агентлиги хабар берди

Маълум қилинишича, Туркманистонда Арқадағ шарафига номланган шаҳар ва телеканалдан сўнг эндиликда шу номдаги футбол клуби ва газетага ҳам асос солинган. Бу ҳақда мамлакат собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Арқадағ шаҳрининг қурилиши билан танишиш учун борганида маълум қилинган. Шаҳар қурилиши бўйича Давлат қўмитаси раиси Дарягелди Оразов ҳамда бўлажак шаҳарнинг ҳокими Шомуҳаммат Дурдилиев Бердимуҳамедовга "Арқадағ" футбол клубининг рамзлари ва футболчиларининг либосларини намойиш қилган. 

Маҳаллий нашрлардан бирининг ёзишича, Лебаб ва Дошоғуз вилоятларидан бирор жамоа Туркманистон миллий чемпионатида қатнашмайди. Шундай бўлсада, ҳали қуриб битказилмаган шаҳар энди давлат томонидан молиялаштирилувчи ўз футбол жамоасига эга бўлди. 

Арқадағ Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига номланган газета эса 2023 йилнинг июль ойидан бошлаб ҳафтада бир марта чиқарилиши режалаштирилган. 

Маълумот учун, айни пайтда Туркманистоннинг Ахал вилоятида янги маъмурий марказ сифатида шу номдаги шаҳар ҳам бунёд этилмоқда. Янги шаҳарнинг очилиши шу йил ёзда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Тахминан 70 минг киши истиқомат қиладиган янги маъмурий марказ Ашхободдан 30 километр жануби-ғарбда жойлашган 950 гектар майдонда қуриляпти. Шаҳар қурилиши учун 5 миллиард доллар атрофида маблағ сарфланиши белгилаб қўйилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ янги қурилаётган шаҳарда Арқадағ ҳайкали ҳам ўрнатилганди.  Шу йилнинг 24 март куни эса шаҳарга пойтахт Ашхободда ҳам йўқ бўлган давлат аҳамиятига эга шаҳар мақоми берилганди. Шунингдек, март ойининг охирида шу номдаги телеканал ҳам ишга туширилган.

Нодиржон Мадаминов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Туркманистон Арқадағ футбол клуби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг