Туркияда университет тадқиқотчиси отиб кетилди (видео)

Олам

image

Кеча, 16 апрель куни Туркиянинг Баликесир вилояти Олтиэйлул туманидаги алкоголь дўконига уюштирилган қуролли ҳужум оқибатида ён томондаги ошхонада овқатланаётган Баликесир университети Ҳуқуқ факультети илмий ходими Семих Качмаз вафот этди. Воқеа юзасидан 2 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Бу ҳақда CNN Türk хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа Ғозиусмонпошо маҳалласи 209-кўчада жойлашган алкоголь дўконида содир бўлган. Мотоциклда келган икки номаълум шахс дўконга қарата ўт очган. Отилган ўқлар ўша вақтда қўшни бинода овқатланаётган Баликесир университети тадқиқотчиси Семих Качмазга бориб теккан. Оғир жароҳат олган Качмаз тез тиббий ёрдам машинасида Баликесир Отатурк шаҳар шифохонасига етказилган, бироқ шифокорларнинг барча ҳаракатларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Фожиадан сўнг Баликесир вилояти полиция бошқармаси ходимлари томонидан 60 та иш жойидаги кузатув камералари, Шаҳар хавфсизлигини бошқариш тизими (KGYS) ва давлат рақамини аниқлаш тизими (PTS) ёзувлари синчиклаб ўрганиб чиқилган. Текширувлар натижасида гумонланувчилар Т.К. ва А.С. эканлиги ҳамда улар воқеадан кейин Бандирма туманига қочиб кетгани аниқланган.

Бош прокуратура координациясида ўтказилган тезкор амалиёт натижасида гумонланувчилар жиноят қуроли бўлган тўппонча билан бирга қўлга олинган. Ҳозирда улар устидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳодиса Туркия таълим муассасаларида содир бўлаётган қуролли ҳужумлар қаторида юз берди. Хусусан, жорий йилнинг 2 март куни бутун Туркияни ларзага солган воқеа содир бўлди. Истанбул шаҳридаги Бўрса касб-ҳунар ва техника Анадолу лицейида ўқитувчи Фотима Нур Челик ўз ўқувчиси томонидан пичоқланиб, ўлдирилганди.

Шунингдек, жорий йилнинг 14 апрель куни Шонлиурфа вилояти Сиверек туманида жойлашган лицейда қуролли ҳужум содир бўлди. Оқибатда 16 киши жароҳатланиб, ҳужум содир этган ўқувчи ўз жонига қасд қилди.

Жорий йилнинг 15 апрель куни Қаҳрамонмараш вилоятидаги ўрта мактабда содир бўлган отишма оқибатида 9 киши ҳалок бўлди. Ўша куни Измир шаҳридаги Эге университетида талаба кампусдаги бошқа талабаларга узун тиғли ханжар билан ҳужум қилди. Ҳозирча бу воқеаларнинг бир-бирига алоқаси борлиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Мазкур воқеалар ортидан Туркияда Ички ишлар вазирлиги кўрсатмаси билан мамлакатдаги мактабларда полиция томонидан назорат олиб борилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Баликесир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг