Туркияда 2 мингга яқин намойишчи қўлга олинди
Олам
−
27 Март
2358Жумҳурият халқ партияси (ЖХП)дан президентликка номзод ва Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан бўлиб ўтаётган намойишларда 1879 нафар гумондор қўлга олинди, 150 нафар полициячи яраланди. Бу ҳақда бугун, 27 март куни Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан содир бўлган воқеалар ва Рамазон ҳайити муносабати билан амалга ошириладиган хавфсизлик чоралари ўтказган матбуот анжуманида сўз очди.
“Асосий мухолифат лидерининг кўчага чиқишга чақириғи билан мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид соладиган жараён юз берди. Бу жараёнда улар кўча сиёсатини қонунийлаштиришга ҳаракат қилди. Миллатимиз биродарлиги учун пистирма уюштирилди. Полиция ходимларимизга тошлар, миллий қадриятларимизга ҳужум қилинди. Масжидларимиз ва қабристонларимиз таҳқирланди”, деган вазир.
Шу билан бирга, вазир қонун доирасида ҳар қандай намойишга рухсат берилганини таъкидлаган.
Ерлиқоянинг қўшимча қилишича, охирги ҳаракатлар ортидан 1879 нафар гумондор қўлга олинган. Улардан 260 нафари қамоққа олинган, 468 нафари учун суд назорати қарори чиқарилган.
“Террорист бўлган 489 нафар намойишчидан 2 нафари қўйиб юборилди. Улар орасида гиёҳванд моддалар, жинсий зўравонлик, ўғирлик, фирибгарлик ва қасддан жароҳат олиш каби 17 та жиноят содир этганлар ҳам борлиги аниқланди”, деган вазир ўз баёнотида.
Вазир Рамазон байрами муносабати билан амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берган.
“Кечаги кундан бошлаб йўл ҳаракати чораларини кучайтирдик. Бу чора-тадбирлар 8 апрелга қадар давом этади. 14 кун ичида 47 749 нафари полиция, 21 262 нафари жандарм бўлган жами 69 011 нафар ходим халқ хизматида бўлади”, деган Али Ерлиқоя.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Жумҳурият халқ партияси (ЖХП)дан президентликка номзод ва Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши давом этаётган намойишларда қатнашганларни огоҳлантирганди.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Имомўғли ва 99 гумонланувчига нисбатан жиноий ташкилот етакчиси бўлиш, жиноий ташкилотга аъзолик, товламачилик, порахўрлик, малакали фирибгарлик, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда қўлга киритиш ва тендер савдоларини сохталаштиришда, Имомўғли ва яна 6 киши эса қуролли террор ташкилотига ёрдам бериш билан гумонланганди.
23 март куни суд Экрем Имомўғлини коррупция тергови доирасида ҳибсга олишга қарор қилди. Бош прокуратура Имомўғли “қуролли террор ташкилотига ёрдам берганлиги бўйича кучли гумон” борлигини, аммо уни молиявий жиноятлар учун ҳибсга олиш қарори аллақачон чиқарилгани сабабли, унинг яна ҳибсга олиниши “ҳозирги босқичда зарур эмас”лигини билдирди.
Ўша куни Экрем Имомўғли президентликка номзод қилиб кўрсатилиши учун 14,85 миллиондан ортиқ киши овоз берди.
Мазкур воқеалар фонида Туркиянинг йирик шаҳарларида намойишлар авж олди. Намойишларда 1 мингдан ортиқ одам ҳисга олинди. Улар орасида Президент Эрдўған ва унинг марҳум онасини ҳақорат қилганлар ҳам бор. Эрдўғаннинг ўзи намойишларда қатнашганларни бундай ҳаракатларининг оқибатларидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси