Ҳамма ўз чегарасини билсин – Эрдўған намойишчиларга таҳдид қилди
Олам
−
26 Март
5311Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Жумҳурият халқ партияси (ЖХП)дан президентликка номзод ва Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши давом этаётган намойишларда қатнашганларни огоҳлантирди. Бу ҳақда Президент кеча, 25 март куни университет талабалари билан бўлиб ўтган ифторлик пайтида сўз очди.
Унинг айтишича, давлатни йўқ қилмоқчи бўлганлар жавоб беришга мажбурдир.
“Кўчаларда террор тарқатиб, бу давлатни оловга айлантирмоқчи бўлганларнинг борар жойи йўқ, тутган йўли боши берк кўчадир”, деган Эрдўған.
Президентнинг қайд этишича, намойишга чиққан аҳоли фақатгина ўз манфаати йўлида ҳаракат қилмоқда. У намойишга чиққанлар ва бу йўлни тутганлар учун қонуний чора кўрилиши, давлатга қарши қилинган ҳаракатларга жавоб берилиши ҳақида ҳам қўшимча қилган.
“Биз провокацияларга берилмаймиз ва ғазабимизга албатта бўйсунмаймиз. Биз ҳеч қачон фалокат билан якунланиши мумкин бўлган қоронғи йўлларга кирмаймиз. Ўз ифлосликларини яшириш учун ёшлар орқасига яширинган қўрқоқларнинг арзон сиёсатига тушмаймиз. Биз ҳеч қачон ҳақ-ҳуқуқларини тортиб олган юз минглаб ёшларнинг юзига қарай олмайдиган қабиҳ сценарийларнинг ёки фирибгарларнинг пиёдаларининг бир қисми бўлмаймиз. Қонунбузарлик учун яна қонун доирасида жавобгарликни талаб қиламиз. Демократиямизга қилинган ҳужумларни қонуний асосларда йўқ қиламиз”, дейди Эрдўған.
Намойишларга муносабат билдирган Эрдўған ушбу воқеаларни Ғарб билан солиштириб кўришдан ҳам тортинмади.
“Мамлакатимизда айтилган вандализм ва ҳақоратларнинг мингдан бири Ғарб давлатларида содир бўлганида, жиноятчиларнинг ҳоли нима бўлишини кўринг. Айниқса, полицияга, адлия аъзоларига, мамлакат маъмурларига ёмонлик билан ҳужум қилганлар дарҳол ишдан бўшатилади”, деган у.
Шунингдек, давлат раҳбари намойишчилар ва мухолифатнинг демократиядан тушунчаси йўқлигини айтган.
“Озодлик деганда кўчаларни, тарихий масжидларимизнинг ҳовлиларини, аждодларимизнинг қабр тошларини ёқиб юборишни, зиёратгоҳларимизда спиртли ичимликлар ичишни назарда тутаётган бўлсалар, биз ҳеч қандай шароитда у ерда бўлмаймиз ва бўла олмаймиз. Буни ҳуқуқ ва эркинликлар доирасида кўриб чиқа олмаймиз, шу пайтгача ҳеч кимнинг бизга демократиядан сабоқ беришига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари каби тушунчалар орқали халқ иродасини пистирма қилишга рухсат берганимиз йўқ, бундан кейин ҳам буни қилмаймиз”, дея огоҳлантирган Эрдўған.
Қолаверса, Туркия раҳбари ҳаммани ўз чегарасини билишга чақирган.
“Ҳаммани ўз чегарасини билишга, ўлчовни сақлашга, адолат излаш билан ҳақорат ва вандализм ўртасидаги чегарани кесиб ўтмасликка чақираман. Бунинг тескарисини қилган ва айтганлар нафақат ўзига, балки шу мамлакат ва миллатга ҳам энг катта зарар келтиради”, дея огоҳлантириш берган давлат раҳбари.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
LiveБарчаси